Шу кунгача академик В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштрилган Хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида 10 нафар беморга жигар кўчириб ўтказилди.
Мазкур марказ директори Саидмурод Исмаиловнинг ССВ Матбуот хизматига мураккаб операциялар нархи ва давомийлигини шундай изоҳлайди:
“Бундай ноёб операция учун Ҳиндистонга борсангиз ўртача 45 минг доллар маблағ талаб қилинади. Россияда бу нарх янада қимматлашади, яъни 70 минг доллар атрофида. Беларусь давлатида жигар трансплантациясини ўтказмоқчи бўлганлар эса қарийб 165 минг доллар тўлаши керак. Энг юқори нарх АҚШда – тахминан 200 минг доллар”.
Маълум бўлишича, бу турдаги операцияни ўтказишга кетадиган сарф-харажатлар донор ва бемор учун ўрта ҳисобда 18-20 минг долларга тўғри келади. Аммо бу рақамларни кўпчилик янглиш тушунади. Сабаби, жигар циррози билан касалланган беморларни ордер тизими асосида даволаш йўлга қўйилган. Бундай вазиятда фақат донор операцияси, яъни жигарнинг бир бўлагини олиш учун беморнинг оиласи томонидан маълум миқдорда маблағ тўланади.
С.Исмаиловнинг таъкидлашича, юрак ва ўпка етишмовчилиги терминал босқичидаги беморлар орасида ҳам трансплантация амалиётига муҳтожлар анчагина. Бу операциялар баҳоси Россияда 100 минг, Беларусда 200 минг, АҚШда 250 минг доллар атрофида. Ўзбекистонда эса нарх кўрсаткичлари Океанорти мамлакатига нисбатан қарийб 10 баробар арзон.
Ўзбекистонда йилига ўртача 750 мингта жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Улардан 24 мингдан ортиғи республика тасарруфидаги клиникаларда, 550 мингтаси вилоят марказларида, 170 мингтаси эса туман миқёсида ўтказилмоқда.
Шу билан бирга, мураккаб кардиохирургик амалиёт ҳисобланган “аорта-коронар шунтлаш” операцияси учун Россия ва Ҳиндистонда 8 мингдан 18 минг долларгача тўлов қилиш зарур.
Европа давлатларида эса 20-30 минг доллар талаб қилинади.
АҚШда бу кўрсаткич 40-50 минг долларни ташкил қилади.
Ўзбекистонда юрак соҳасидаги мураккаб операциялар учун 3-4 минг доллар миқдорда тўлов қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал 2022 йилгача Ўзбекистонда йилига 50 та юрак кўчириб ўтказилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, юртимизда жигар трансплатацияси оқибатида 32 ёшли бемор вафот этганди.
Чўлпоной Аҳмедова


