Ўзбекистон ва Туркманистон алоқаларининг янада ривожланишида ишбилармон доираларнинг ўрни ниҳоятда катта — Сардор Умрзоқов
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар бутунлай янги босқичга кўтарилди. Охирги 5 йилда давлатлараро савдо ҳажми 3 баробарга ошгани шундан далолат беради.


Бугун, 4 октябрь куни Тошкентдаги “Технопарк” мажмуасида Ўзбекистон — Туркманистон иқтисодий форуми бўлиб ўтди. Унда Бош вазир ўринбосари — Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ҳамда Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эсинмурат Оразгелдиев иштирок этди.
Сардор Умрзоқов кириш сўзида икки давлат Президентлари ташаббуси билан давлатлараро муносабатлар янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. Бош вазир ўринбосарининг маълум қилишича, сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси уч баробар ўсган. Шу билан бирга эришилган ютуқлар билан тўхтаб қолмасдан мавжуд чексиз имкониятлардан фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ҳозирги кунда иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришнинг уч йўналишига алоҳида эътибор берди.
Биринчиси — савдо-иқтисодий алоқалар. Пандемияга қарамай, ўтган саккиз ой давомида икки томонлама савдо 25 фоизга ўсган. Аммо мавжуд имкониятлардан янада кенгроқ фойдаланиш мумкин. Ўтказилган таҳлилларга кўра, ўтган йили Ўзбекистон Туркманистонда мавжуд бўлган товарларни бошқа мамлакатлардан сотиб олиш учун 600 миллион доллар сарфлаган. Ўз навбатида, Туркманистон учинчи давлатлардан 612 миллион долларлик маҳсулот импорт қилган, аммо уларнинг барчаси Ўзбекистонда ҳам мавжуд.
Бу каби ҳолатларни камайтириш мақсадида бир қанча ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ўтган ойда Ўзбекистон ва Туркманистон чегараолди вилоятлари ўртасида савдо алоқаларини янада ривожлантиришга қаратилган шартнома ишлаб чиқилган. Эртага, 5 октябрь куни ушбу шартнома икки давлат раҳбарлари иштирокида имзоланиши кутилмоқда.
Иккинчидан, саноат кооперациясини ривожлантириш зарурлиги қайд этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад – икки давлат ишбилармонлари учун энг қулай шароитларни яратиш.
Ҳозирда икки давлат ҳам бу йўлда катта ишларни амалга оширмоқда. Сардор Умрзоқовнинг маълум қилишича, Туркманистонда ўзбек автомобилларини йиғишни йўлга қўйиш кўриб чиқиляпти. Шунингдек, электротехник маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ишлар олиб бориляпти.Туркманистон ўз навбатида Ўзбекистонда кимё-газ, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, тайёр текстиль ва чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар очишни режалаштирмоқда. Шунингдек, Тошкент Европа Иттифоқининг GSP+преференциялар махсус тизимини қўлга киритгани маълум қилинди. Бу 6 мингдан ортиқ номдаги маҳсулотларни Европага ҳеч қандай божсиз экспорт қилиш имконини беради. Саноат кооперацияси ва қўшма корхоналар орқали Туркманистон ҳам мазкур имкониятдан фойдаланиши мумкин.
Учинчиси — транспорт-логистик алоқаларни чуқурлаштириш. Бу соҳада ҳам жуда катта фойдаланилмаётган имкониятлар мавжудлиги қайд этилди. Сардор Умрзоқов, айниқса, транзит салоҳиятидан фойдаланиш муҳимлигига тўхталиб ўтди.
Туркманистоннинг Туркманбоши портининг ўзбек бизнеси учун катта аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди. Бу орқали Ўзбекистоннинг Каваз ва Европа бозорларига чиқиш имконияти янада кенгаяди.
Ҳар икки спикер – Сардор Умрзоқов ва Эсинмурат Оразгелдиев иқтисодий алоқаларни янада ривожланишида тадбиркорларнинг ўрни ниҳоятда катта эканини маълум қилди. “Мен аминманки, айнан ишбилармон доиралар икки давлат муносабатларидаги муваффақиятларни белгилаб беради”, – деб ўз нутқини якунлади Умрзоқов.
Бундан аввал Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг Ўзбекистонга ташриф буюриши ҳамда унинг Афғонистонда қайси омил мамлакат барқарорлигини таъминлаши ҳақидаги фикрлари берилганди.







