Ижтимоий тармоқларда “Самарқанд вилояти Пайариқ туманида бошқарувни йўқотган машина жарликка қулаб тушиб кетибди” сарлавҳаси остида видео тарқалди.
Ушбу ҳолат юзасидан вилоят ИИБ томонидан маълумот берилди.
Аниқланишича, воқеа Пайариқда эмас, Пастдарғом туманида бўлган. 17 февраль куни соат 15:30 ларда 1994 йилда туғилган Х.Р. ўзининг бошқарувида бўлган "Lacetti" русумли автомашинасини Пастдарғом туманидан ўтувчи 4Р-46 йўлининг 16-километрида бошқариб келаётган вақтида, олд томонида кетаётган автомашинани нотўғри қувиб ўтиши оқибатида бошқарувни йўқотган.
Натижада йўлнинг ўнг томонидаги ариққа тушиб кетиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган.
ЙТҲ оқибатида ҳайдовчи енгил жароҳат олган ва унга тиббий ёрдам кўрсатилган.
Ҳодиса юзасидан Пастдарғом тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.


