
Маълум бўлишича, 19 сентябрь куни соат 21:25 ларда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани "Сурхон соҳили" маҳалласида хизмат олиб бораётган вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХО 4-сафарбар гуруҳ инспекторлари "Lacetti" ҳайдовчисининг ҳолатини аниқлаш мақсадида тўхтатган.
Таъкидланишича, ҳайдовчи инспекторларнинг қонуний талабини бажармай, қочиб кетишга ҳаракат қилган. Олдиндан кўрилган хавфсизлик чоралари сабабли ҳайдовчи автомашина рулидан тушириб олинган. Ҳайдовчи Қумқўрғон тумани Тиббиёт бирлашмасига олиб борилиб, мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш мақсадида тиббий текширувдан ўтказилган.

Тиббий текширув хулосасига кўра, 1977 йилда туғилган ҳайдовчининг мастлиги тасдиқланган. Ҳайдовчи Т.Ш. Қумқўрғон тумани ИИБга олиб борилиб, унга нисбатан ЙПХ инспектори томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси билан баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.
Қайд этилишича, ҳозирда ҳайдовчининг содир этган ҳуқуқбузарлигига оид материаллар жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман судига юборилган.
Аввалроқ Тошкентда «Lacetti» ҳайдовчиси ЙПХ ходимига бўйсунмай қочиб кетгани, Қашқадарёда ЙПХ ходимлари томонидан калтакланган фуқаролар қамоққа олингани ҳамда Самарқанд шаҳрида "Ford" юк машинаси ЙПХ ходимининг "Equinox" хизмат машинасига бориб урилгани ҳақида хабар берилганди.


