"Толибон" янги тайинловларни амалга оширди
Бу ҳаракат ҳокимиятини янада мустаҳкамлайди.

“Толибон” якшанба куни янги тайинловларни амалга оширди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.
Ҳаракат Афғонистон бошқарувидаги 44 муҳим лавозимларга ўз тарафдорлари вакилларини тайинлаган. Хусусан, Қори Барёл Кобул губернатори, Вали Жон Ҳамза эса шаҳар полицияси бошлиғи лавозимини эгаллаган. Кобул хавфсизлиги учун жавобгар бўлган Хамидулла Мухлис бир неча кун аввал шифохонага қилинган ҳужум оқибатида ҳалок бўлган эди.
Бу “Толибон” сентябрь ойида ҳукумат таркибини эълон қилгандан кейин амалга оширилган йирик тайинлов бўлиб, “Reuters” нинг таъкидлашича, ҳаракатнинг ҳокимиятини жиддий равишда мустаҳкамланишига сабаб бўлади.
Аввалроқ АҚШнинг Афғонистон бўйича вакили Европа ва Осиё бўйлаб сафар қилиши ҳамда "Толибон" сафларида кенг кўламли "тозалаш" ишлари бошлангани ҳақида хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







