"Танишларим" бор, одамингизни қамоқхонадан чиқариб бераман"
Тошкент вилоятида фуқарони озодликка чиқариб беришни ваъда қилган фирибгарлар қўлга тушди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабарига кўра, департамент ҳамда ДХХнинг Тошкент вилояти бошқармалари томонидан тезкор тадбир ўтказилди.
Маълум қилинишича, фуқаро Б.Ю. манзилли колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкум Ш.ни танишлари Х.Х. ва А.Т.лар орқали озодликка чиқариб бериш эвазига 8 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Сурхондарёда 19 йилга қамалган маҳбусни 70 минг доллар эвазига қамоқдан чиқариб бермоқчи бўлган шахс ушланганди.
Аввалроқ тижоратда пора эвазига оғдириб олиш ҳолати фош бўлгани, фуқароларни ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган "уддабуронлар", Қўқон шаҳрида ИИО ходимига пора бермоқчи бўлган шахс қўлга олингани ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларнинг қариндошлари ҳам давлат ҳимоясида бўлиши ҳақида хабар берилганди.







