Тошкент халқаро кинофестивалининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди (фото)
Президент ташаббуси билан қайта тикланган ва Кинематография агентлиги томонидан Тошкентдаги янги очилган “Ренессанс ҳолл” киноконцерт залида 28 сентябрдан старт олган “Ипак йўли дурдонаси” XIII Тошкент халқаро кинофестивалининг тантанали ёпилиш маросими ўтказилди. Унда халқаро делегациялар вакиллари, мутахассислар, киноижодкорлар ва ёшлар бир ерга жам бўлишди.


Қайд этилишича, маросим аввалида кинофестиваль тадбирлари, ижодий учрашувлар, катта премьералар, хорижий делегацияларнинг кутиб олингани ва вилоятлар бўйлаб сафарлар жамланган ролик тақдим этилди.

Маросимда “Кино 5 кунда” танлови ғолиблари тақдирланди. Жумладан, танловда энг яхши деб топилган “Ипак йўлида” қисқа метражли фильми учун ёш режиссёр Шерзод Назаровга “Гран-при” мукофоти топширилди.

Тошкент халқаро кинофестивалида “Энг яхши эркак роли учун” Турсунбой Пиржонов, “Энг яхши аёл роли учун” Мадина Маҳмудова ва бошқа номинациялар бўйича ғолиблар тақдирланишди.


"Ипак йўли дурдонаси" XIII Тошкент халқаро кинофестивалининг “Кино 5 кунда” кўрик-танлови ғолиблари:
Гран-при – Шерзод Назаров "Ипак йўлида" фильми учун;
"Ипак йўли дурдонаси" – Пак Су Мин "Такрор хотиралар" фильми учун;
Ҳайъатнинг махсус соврини – Саидаъло Маъсудхонов "Объектив" фильми учун;
“Энг яхши режиссёрлик иши учун” — Хуан Антонио Мартинес “Бир жуфт пойафзал” фильми учун;
“Энг яхши сценарий учун” — Ванжа Виктор ва Кабир Тогнола “Товуқли кечки овқат” фильми учун;
“Энг яхши эркак роли учун” — Турсунбой Пиржонов “Ипак йўлида” фильми учун;
“Энг яхши аёл роли учун” — Мадина Маҳмудова “Объектив” фильми учун.
Кинофестивалнинг “Дунё ёшлари киноси Янги Ўзбекистонда” кўрик-танлови ғолиблари:
“Энг яхши фильм” — Манзарали Шерали “Юк” фильми учун;
“Энг яхши режиссёрлик иши учун” — Дмитрий Семёнов “Франка” фильми учун;
“Энг яхши эркак роли учун” — Абдукарим Машраб “Юк” фильми учун;
“Энг яхши аёл роли учун” — Марина Поддубная “Франка” фильми учун.


Шунингдек, “Дунё ёшлари киноси Янги Ўзбекистонда” кўрик-танлови ғолиблари ҳам аниқланди. Саҳнада уларга “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалининг махсус статуэткаси ва эсдалик совғалари топширилди.

Таъкидланишича, меҳмонларга таниқли хорижий ва ўзбек эстрада юлдузлари томонидан шоу-концерт тақдим этилди.




Ҳамкор ҳомийлар: “O‘ZBEKTELEKOM”, “O‘zdonmahsulot” AK, “O‘zpromstroybank” ATB, “Ipoteka-bank” ATIB, “Asakabank” AJ, “O‘zbekiston temir yo‘llari”, “Hududgazta’minot”, “UzAuto Motors” AJ, “O‘zmetkombinat” AJ, “Milliy bank” AJ, “Farg’onaazot” AJ, “Eriell”, “Bosch” TM, “Easy Booking”.
Аввалроқ "Ўзбекфильм" биносида таниқли француз актёри Жерар Депардье ва француз кинорежиссёри Люк Бессон билан ижодий учрашув бўлиб ўтганди. Шунингдек, россиялик киноижодкорлар томонидан суратга олинган "Девятаев" бадиий фильми кино ихлосмандлари эътиборига ҳавола қилингани, "Danmon Group" компанияси билан келишув имзолангани, “Кино 5 кунда” танловида суратга олинган фильмлар намойиш этилиши, Ўзбек ва рус тилларида фаолият олиб борувчи юқори сифатли фильмлар ва сериаллар намойиш этиладиган онлайн кинотеатр яратилгани, бундан ташқари, “Меҳр” операциясига бағишланган фильм премьераси бўлиб ўтгани, Паралимпиада ўйинларида иштирок этган ўзбек қизи ҳақидаги фильм намойиши ҳамда Тошкент халқаро кинофестивалининг “Жаҳон киноси кунлари” дастурини эронлик режиссёр Иброҳим Мухторийнинг “Ҳаёт варақлари” фильми бошлаб бериши ҳақида хабар берилганди.







