Мактаб масъуллари ўқувчининг қариндошлари томонидан калтакланди
Жанжалга ўқувчининг дарсга кеч келгани сабаб бўлган.

Ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида ўқитувчилар ва директор ўринбосарлари ўқувчининг қариндошлари томонидан аёвсиз калтаклагани ҳақида хабар тарқалди.
Ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти Халқ таълими бошқармаси расмий муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, 8 апрель куни Гулистон шаҳридаги 5-умумтаълим мактаби ўқитувчининг юқори синф ўқувчиси У.А.нинг дарсга кечикиб келгани, ўқувчидан нимага тартибга риоя қилмаётгани тўғрисида сўраган. Эвазига эса ундан ҳақоратли сўзлар эшитган. Ўқитувчи шунда ҳам босиқлик қилиб, бу ҳақда директор ўринбосарига хабар берган. Директор ўринбосари ўқувчига бундай ҳолат яхши эмаслигини тушунтирмоқчи бўлганида ўқувчи уни ҳам ҳақоратлаб уйига кетиб қолган. Бироздан сўнг муштумзўрларни олиб келиб, мактаб биносида дастлаб ўқитувчини, сўнгра уни ҳимоя қилмоқчи бўлган директор ўринбосарини аёвсиз калтаклашган.
Ҳозирда ўқитувчи ва директор ўринбосарига Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалида тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан дастлабки тергов суриштирув ишлари олиб борилган.







