“16 ёшимда фоҳишалик қилдим” мени бу ҳолда тушишимга ота-онам ва яқинларим айбдор
Мустаҳкам оила тушунчаси ҳамиша давлатимиз диққат - эътиборда бўлган. Жамиятни эса мустаҳкам оилаларсиз қуриб бўлмайди. Оила қурилгач, эр ва хотинга улуғ ва шарафли масъулият юкланади - у ҳам бўлса фарзанд тарбияси. Хар бир ҳаракатларимиз замирида фарзандларимизни бахту-иқболи, фаровон келажаги мақсад қилиб қўйилган. Аммо бу масъулиятни ҳамма ҳам бирдек ҳис қиладими?


Сўнгги йилларда ажримлар сони кескин ошди, натижада эса баъзи ота оналардан фарзанд тарбиясидаги масъулият унутилди. Тирик етим ўсаётган болалар, боши очиқ аёллар, енгил- елпи ҳаётга босилган қадамлар, вояга етмаган ўсмирлар орасидаги жиноятлар афсуски кўпайди.
Агар ёш қизлар фоҳишалик қилса, дарров унга лой чаплашга ўтамиз, ҳақоратлаймиз, айблаймиз, аммо танганинг иккинчи томони яъни уни бу йўлга киришига нима туртки берганини эса уйлаб ҳам кўрмаймиз.
Zamon.uz сайтига Гулистон шаҳридан Азиза Салмонова исмли қиз мурожаат қилди. Айтишича, онаси ундан воз кечган ва уйдан ҳайдаб юборган. Айни дамда муқим яшаш жойга эга эмаслиги, пропискаси ҳам йўқлигини айтиб, онаси уни яна қайта яшаш учун уйига киритишга, шунингдек, оналик вазифасини бажаришга кўндиришимизни сўради.
Азиза Салмонова:
- 12 ёшимда дадам ва ойим ажрашиб кетишган. Онам менга дадамни ёмонлаб миямни заҳарлаган, отамдан воз кечишга ундаган. Мени ўзи тарбиялашини айтиб, олиб қолди. Орадан бир қанча вақт ўтиб онам бошқа одамга турмушга чиқди. Бир йилдан сўнг “Сен энди керакмассан, менга эрим керак” деб мени кўчага чиқариб юборди. Иложсизликдан аммамнинг ёнига паноҳ излаб бордим. Аммам энди ўзим ишлаб пул топиш кераклигимни, бунинг учун эса менга шахсни тасдиқловчи ҳужжат кераклигини айтиб, паспорт олиб берди.
- 12 ёшда қандай қилиб паспорт олдингиз, бу ҳужжат 16 ёшда бериладику?
-Ёшимни 16 ёш деб тўғрилаттирдик. Аммамнинг мақсади мени чет давлатга олиб чиқиб, ўша ерда ишлатиш эди. Энг ёмони кейин бошланди. Аммам мени фоҳишаликка мажбур қилди.
- Сиз индамай кўниб кетавердингизми, маҳалла, қўни-қўшнидан ёрдам сўрамадингизми?
-Бошида қаршилик қилдим, лекин менга таъзиқ ўтказишни, аёвсиз калтаклади. Хар куни баданимга чўғини сигарет босиб азоб берардилар. Ҳеч кимга айтиб қўймасин деб қамаб қўярди. Ҳатто бир марта танамга қайчи тиқиб, сўнг устимдан қайноқ сув ҳам қуйган. Бир мартда қочиб кетишга ҳаракат қилдим, лекин ушлаб олиб, сочимни кал қилиб қириб ташлади. Борадиган жойим бўлмагани учун шу ҳаётга кўндим. Кейинчалик имкон бўлиши билан аммамнинг уйидан қочиб кетдим.
- Ҳозир нима иш қиласиз, қаерда яшаяпсиз?
- Ҳозир Ниғматжон ака деган одамнинг уйида яшайман. Ҳеч қаерда ишламайман. Бу одам менга кўп яхшилик қилди. Совуқ қаҳратон қишда ўз уйидан жой берди. Унинг оиласи йўқ, бир ўзи яшайди, мен уй ишларида ёрдам бераман, шу сабаб яшаганим учун пул олмайди.
- Сиз хақингизда берилган маълумотларга қараганда 2020 йил декабрь ойида сизга нисбатан суд қарори чиққан экан. Унда сиз фоҳишабозлик билан шуғулланганиз учун маъмурий жавобгарликка тортилган экансиз.
- Ҳа, шундай бўлган. Ўша вақт аммам мени мажбур қилган.
- Дадангиз ҳозир ҳаётми, сиз билан гаплашиб турадиларми?
- Ҳа, отам тирик, бошқа оиласи бор. Аммо отам ҳам мен билан гаплашмайди.
Қизнинг ҳикоясини тинглаб, ёш бўлсада шу даражада азоб чекканига куюндик, унга далда бердик. Аммо, бизни бир савол ўйлантирди: қиз билан шунча аянчли воқеа юз берган, аммо қариндошлари, қўни-қўшнилар, маҳалла- кўй қаерга қараган, нега ёрдам қўлини чўзмаган? Умуман, қиз сўзлаб берган воқеалар ҳақийқатми?
Саволларга жавоб излаб Азиза ўсиб катта бўлган Гулистон шаҳар “Улуғ йўл” МФЙ хотин -қизлар масалалари бўйича раис ўринбосари Холида Дадабоева билан боғландик.
- Азизанинг ота-онаси ажрашишгач қизча 5 ёшгача онаси билан яшаган, кейинчалик онаси бошқа оила қургандан кейин Азизанинг тарбияси билан бувиси ва бобоси шуғулланган. Улар 18 ёшгача қизни боқишган.Бу қиз жуда кўп ёлғон гапиради, у аммасининг қўлида катта бўлмаган. Азиза ёмон йўлга ўзи кирган. Уйдан сабабсиз қочиб кетган. Биз маҳалла фаоллари билан бу оилани жуда яхши таниймиз. Қиз билан жуда кўп тарғибот ишлари олиб борганмиз. Орада Азиза саёқ юриш оқибатида ҳомиладор ҳам бўлиб қолган. Фарзанд ногирон туғилган, қиз фарзандини ногиронлиги сабаб туғруқҳонага ташлаб, ўзи тунда касалхонадан қочиб кетган. Пропискаси ростдан ҳам йўқ. Фуқаролиги ҳам йўқ. Қизнинг шу ҳолатга тушишига онасининг ҳам айби бор.
Латофат Қурбонова, Азизанинг холаси:
- У бу йўлни ўзи танлади, шундай экан, қандай хоҳласа шундай ҳал қилаверсин муаммосини. Биз уни кўчага ҳайдамаганмиз. Ўзи қочиб кетган.
- Азизани бизга берган маълумотига кўра онаси ундан воз кечган экан, аммаси эса уйга қамаб фоҳишаликка мажбур қилган экан.
- Онаси ундан воз кечгани рост. Чунки Азиза енгилтабиатлиги сабаб уйдан қочиб кетавериб бизни шарманда қилди.Кечаси билан уни кўчама кўча излаб юришдан чарчадик. Уни ҳеч ким фоҳишаликка мажбурламаган. Ҳамма гаплари ёлғон. 12 ёшда паспорт ҳам олмаган, ҳамма фуқаролар сингари 16 ёшда олган. Уйга қайтиб келса бирор ишга жойлаб қўямиз дердик аммо, кўчада дайдиб юришни давом этди. Онаси эса умуман уни кўришни истамайди.
Гувоҳи бўлганингиздек, бизга мурожаатчи томонидан баён қилинган воқеа бошқача бўлиб , қизнинг гаплари ёлғон экан. Тушган аянчли ҳолатга ўзи сабабчи эканлигини била туриб онаси ва яқинларининг таъзирини бериб қўйиш мақсадида туҳмат қилиш орқали ўзининг яна бир бор ким эканлигини исботлади. Бир қарашда у ўз ҳатти-ҳаракатлари билан жамиятга жиддий хавф туғдиргани йўқ, ҳозирча. Лекин ким билади дейсиз, ўз вақтида бу йўлдан тўхтатиб қолинмаса, унинг кўр-кўрона саёқ юриши янада чуқурлашиб кетиб, нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин. Асосий мақсадимиз адашганни тўғри йўлга бошлаш. Шу сабаб биз Азизага ёрдам бериш мақсадида психолог Шоира Исоқава ҳамда халқ депутатлари Гулистон шаҳар кенгаши депутати Равшан Ғаниевга мурожаат қилдик.
Психолог Шоира Исоқова:
- Ҳозирги кунда масъулиятсиз ота-оналар кўпайиб кетган. Ажримлардан сўнг болалар сарсон бўлишмоқда. Отаси онанг ёмон дейди, онаси эса аксинча отанг ёмон дейди, бу билан ўзлари билмаган ҳолатда болага психик жароҳат етказишади, руҳиятига салбий таъсир кўрсатишади. Бунинг оқибатида фарзандлар кўчадан меҳр излайди. Азизага келсак, бу қиз ҳам руҳий зарба олган. Ота-онадан меҳр кўрмаган, тўғри тарбия олмаган, ўз хоҳишича яшаган. Хотин-қизларнинг жамиятда ўз ўрнини топишида, биринчи навбатда, ота-оналарнинг муносабати катта роль ўйнайди. Қизлар масаласи жуда нозик иш, шу сабаб оналар ҳамма нарсани йиғиштириб қўйиб, ёшлигидан фақат тўғри тарбия беришга эътибор қаратишлари керак. Бу қизни тарбиялаш энди жуда кеч. Мен Азиза билан гаплашганимда шуни тушундимки, унинг наздида ҳамма айбдор. Онам туққани учун, бувиси ва бобоси эса боқиб тарбия қилгани учун айбдор. Ўзичи?
Бу қиз оилага бахт келтирмади, аксинча кулфат ва бахтсизлик келтирди. Аммо жамиятимизда бу каби одамлардан жирканиб, юз ўгириб кетиш хам нотўғри. Унга ҳам ёрдам кўрсатишимиз керак. Албатта иш, яшаши учун жой ва энг асосийси бирор бир касбга йўналтиришга ҳаракат қилишимиз керак.
Депутати Равшан Ғаниев:
- Бу қизни энг вақтинча бўлса ҳам уй-жой билан таъминлаймиз. Ижара пулларини ҳал қилиб бериш мақсадида прокурор секторига жойлаштирамиз. Прописка масаласига келсак, шаҳримизда учта ётоқхона бор. Ушбу ётоқхоналарнинг бирига вақтинчалик ёки доимий қўйиб туришимиз мумкин. Иш масаласида эса жуда кўп вариантлар бор. Ёқмаса, ўзи истаган жойдан иш топиб беришга ҳаракат қиламиз. Ҳамма гап қизнинг ўзида. Иш ўрганади ҳалол пул топади, ҳали ҳаммаси олдинда. Умид қиламанки, бу қизни чиркин ҳаётдан олиб чиқса бўлади, фақат бирдамликда ёрдами қўлини чўзсак кифоя.
Хулоса қилиб айтганда, ҳеч ким бу йўлга ўз истаги билан кириб қолмайди. Оғир вазиятга тушиб қолган инсонларга тўғри йўл кўрсатиш жамиятимиздаги ҳар бир инсон олдида турган масъулиятдир. Зотан, адашганларни тўғри йўлга бошлаш, уларнинг камчилик ва хатоларини биргаликда бартараф этиш азал-азалдан аҳиллик ва ҳамжиҳатликка интилган ҳалқимизга хос олий фазилат саналади.
Муножат Валиева







