Жамият

Муҳтожларга “SOS” маркази зарур(ми)?

Қайси бир оммавий ахборот воситаси ва турли ижтимоий тармоқларга қараманг, моддий ёрдамга муҳтожлар, оғир хасталикка чалинган беморларнинг яқинлари уни даволатиш учун кўмак сўраб уюштираётган хайрия акцияларига кўзимиз тушади.

Муҳтожларга “SOS” маркази зарур(ми)?

 

Кимнингдир фарзанди, кимнингдир ота-онаси ёки бирор яқин кишиси кўмакка муҳтож. Очиғи, уларнинг дардини эшитиб, аҳволини кўриб, беихтиёр қароғимизга ёш келади. Қўлимиздан келганча ёрдам қилишга уринамиз. Саховатпеша ва олийжаноб халқимиз кўмаги билан қанчадан-қанча оғир беморлар соғайиб, ҳаётга қайтаётгани эса янада қувонарли.

 

Бироқ ўзгадан ёрдам сўрашнинг ўзи бўлмайди. Минг истиҳола ва ночорлик кураши қалбни кемиради. Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: бугун мана шундай моддий кўмакка муҳтожларнинг пайдо бўлаётганига сабаб нима? Хайр-эҳсон сўрашга уларни нима мажбур этяпти?

 

“Учинчимдан ҳам айрилсам, менга яшашнинг қизиғи йўқ”

 

— Жуда эрта турушга чиққанман, — дейди тошкентлик Шаҳноза Тўланова. — Турмуш ўртоғим билан бир-биримизга кўнгил қўйгандик. Аммо ҳаёт бизни кучли синовлари билан синади. Турли сабаблар билан икки фарзандимдан айрилдим. Она учун икки фарзандини тупроққа қўйиш осон эмас. Ота-она учун жуда оғир. Аввалига бу мунисабатларга бардошим етмаса керак, деб ўйлагандим. Аммо учинчи фарзандимга ҳомиладор бўлгач, ҳаётимизга қайтадан нур киргандек бўлди. Қалбимдаги оғир яраларга фарзандим малҳам бўлиб, мени қайтадан яшашга ундади.

 

Ахмет уч ёшга тўлганидан сўнг тез-тез иситмаси чиқадиган ва ҳолсизланадиган бўлиб қолди. Аввал ўзим уйда иссиғини тушириб, дори бериб юрдим. Қарасам, ҳеч ўнгланмади. Уни шифокор кўригига олиб бордим. Таҳлил натижаларига кўра, унда жуда оғир онкологик хасталик борлиги аниқланди. Ўғлимдаги дард лимфатик тўқималар ва ошқозон ости безининг катталашувига олиб келадиган, озиб-тўздирадиган ҳамда беморни куч-қувватдан қолдирадиган касаллик экан.

 

Бу ҳақда турмуш ўртоғим хабар топгач, бизни ташлаб кетди. Иложсизликдан ота уйимга қайтиб бордим. Бир ёқда оилавий можаролар, бир ёқда эса ўғлимнинг аҳволи кундан-кунга оғирлашиб борарди. Ўғлимнинг соғайиб кетиши учун ўзимда куч топдим. Шу орада Ахмет олти марта кимётерапия муолажасини олди. Натижада, унинг сочлари ва киприклари тўкилиб кетди. Орада бир марта хўжайиним қўнғироқ қилиб, чет элдалигини айтди. Шунда кўнглимда қандайдир илинж пайдо бўлиб, Ахметнинг расмини дадасига юбордим. Фарзандини кўриб, меҳри ошар деб ўйлагандим. Афсуски, ундай бўлмади. У мени телеграмдан “қора”га тиқиб қўйди. Телефон рақамига қайта-қайта қўнғироқ қилишларим бесамар кетди.

 

Орада отам вафот этдилар. Маракалари ўтгандан сўнг, отамдан қолган автомобилни сотишга мажбур бўлдик. Кейинроқ яшаб турган уйимизни ҳам сотиб, Ахметнинг даволаниши учун сарфладик. Ҳозир ижарада яшаяпмиз. Яқинда Ҳиндистонга бордик. Операция учун 35 минг доллар пул кетди. Докторлар ҳар олти ойда мунтазам текширувдан ўтиб туриш кераклигини айтишди. Бироқ ҳар олти ойда Ҳиндистонга бориб-келишнинг ўзи бўладими? Бундан ташқари, дори-дармонга ҳам анча маблағ кетиб қолади. Кўп жойларга ёрдам сўраб мурожаат қилдик. Аммо ҳеч қандай натижа бўлмади. Учинчи фарзандимдан ҳам айрилсам, менга яшашнинг қизиғи йўқ.

 

“Ўзгалардан ёрдам сўраш йигит киши учун жуда оғир”

 

Аёл ўзи ожиза бўлса-да, унинг матонати, сабру-бардоши тоғларни-да талқон қилишга қодир. Ҳаётнинг оғир зарбаларига, хиёнатнинг аччиқ азобларига дош берган метин иродаси йиллар давомида аста-аста нураб боради. Ҳаёти изига тушиб, фарзандлари бахту-камолини кўраман деган паллада эса дард уни енга бошлайди.

 

Феруза опа ҳам ҳеч ўзини ўйламади. Қизи оғир хасталик билан туғилгани учун унинг соғайиб кетишини туну-кун Яратгандан сўради. Аммо тақдир экан, қизалоғи эрта вафот этди. Иккинчи фарзанди туғилганида эса уни турмуш ўртоғи ташлаб кетди. Иложсизликда қолган Феруза опа онасининг уйига кўчиб ўтади. Ёлғиз боши билан икки фарзандини боқиб, вояга етказди. Яқинда у оғир хасталикка чалиниб, тўшакка михланиб қолди.

 

— Онамни салкам уч йилдан бери оғир дард қийнайди, — дейди Улуғбек Йўлдошев. — Шу йилнинг февраль ойида уларни даволатгани Тошкентга олиб келдик. Шифокорлар ўткир лейкоз касаллиги ташхисини қўйишди. Чет элда операция қилиш кераклигини айтишди. Аммо бунинг учун жуда катта маблағ зарур экан.

 

Яқин қариндошларимиз бизга моддий томондан кўмак бериб келишяпти. Ишлаб пул топиш қўлимдан келади. Аммо онамнинг ёнида, уларга таянч бўлиб турмасам бўлмайди. Вазият шуни тақозо этади.

 

Йигит киши учун ўзгалардан ёрдам сўрашнинг ўзи жуда хунук. Лекин чорасизликдан, меҳрибонимнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун интернет орқали одамлардан ёрдам сўраганман.

 

“Фарзандимизнинг қийналаётганини кўриб, унинг ўлимига ҳам рози бўлдик”

 

Фарғоналик Мавлуда опанинг кенжатойи Мубина 3 йил “оққон” касали билан курашди. Аммо унинг митти юраги бу оғир дардни кўтара олмай, 7 ёшида бу ёруғ оламни тарк этди. Унинг ортидан зор йиғлаб қолган яқинларининг кўнглига ҳеч нарса таскин бера олмайди. Онаизор ҳар оқшом қизалоғининг энг севимли ўйинчоғини қучиб, у ётган ўринни ҳидлай-ҳидлай кўзига уйқу инади. Бир оз ором олгандек бўлади-ю, яна ўй-хаёллар оғушида тунни тонгга улайди.

 

— Икки йил бор-будимизни сотиб, унинг даволаниши учун сарфладик, дейди Мавлуда опа. — Охири иложсизликдан Мубинанинг аммаси телеграм орқали канал очиб, одамлардан ёрдам сўради. Охирги бир йил яхши инсонлар кўмаги ила қизимизнинг ҳаётини сақлаб турдик. Ойда икки маротаба пойтахтда қатнардик. Тошкент-Фарғона йўлида ярим умримиз ўтди. Охири, бўлмади. Унинг сўнгги кунлари шу қадар оғир ўтдики, фарзандимизни қийналаётганини кўриб, ўлимига ҳам рози бўлиб кетдик. (Мавлуда опанинг айтарлари кўп эди. Аммо у ортиқ гапиролмади. Алам, изтироб ва аччиқ кўз ёшлари бунга йўл қўймади.)

 

Қаҳрамонларимиз билан суҳбатлашган чоғда шу нарсани англадимки, одам ожиз ва иложсиз қолгандагина ўзгалардан ёрдам сўрайди. Қандай йўл билан бўлмасин, мушкулига чора излайди. Яқинидан ажралишдан кўра ҳар қандай ҳокисорликка ҳам рози бўлади.

 

Хўш, жамиятимизда бундай кишиларга кўмак берувчи бирор давлат ёки нодавлат ташкилот борми? Баъзи хайрия ташкилотлари одамлар соғлиғини тиклашга кўмаклашувчи марказларнинг ҳам ўз йўналиши бор. Аммо уларнинг имконияти барча муҳтожларга ёрдам қилишга ожизлик қилади.

 

Ахир, кунда-кунора ижтимоий тармоқларга, интернет сайтларида кўпайиб кетаётган хайрия акциялари уларни бирлаштирадиган, тегишли ташкилот билан ҳамкорликда дардига дармон бўладиган марказ тузиб, барчасини бир тизимга солишни талаб қилмаяптими? Агар шундай ташкилот тузиладиган бўлса, одамлар қилаётган хайр-эҳсоннинг ҳам манзили аниқ бўларди. Беморларнинг шифо топиб кетиш имконияти кенгаярди. Шунингдек, пластик карта орқали хайрия акциялари доирасида йиғилаётган пуллар фирибгарлар тузоғига тушишнинг ҳам олди олинарди.

Баҳринисо МАДУМАРОВА

 

Белгияда оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик ватанга қайтарилди

Белгияда оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик ватанга қайтарилди

У Нидерландияда қурилишда ишлаётганда ўткир тиш инфекцияси билан касалланган. Брюссел орқали Ўзбекистонга келаётганда аҳволи ёмонлашган.

Швеция миграция қонунчилигини бузган ўзбекистонликларни депортация қилди

Швеция миграция қонунчилигини бузган ўзбекистонликларни депортация қилди

20 нафар Ўзбекистон фуқароси чартер рейс билан Тошкентга етиб келди.

Мактаб ўқувчилари ЙТҲ содир этди: қурбон бор

Мактаб ўқувчилари ЙТҲ содир этди: қурбон бор

Cobalt бошқарув йўқотилиши натижасида йўлдан чиқиб кетган.

Ўзбекистонда никоҳ барқарорлиги қай даражада?

Ўзбекистонда никоҳ барқарорлиги қай даражада?

Қашқадарё, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида никоҳ барқарорлиги сақланган, лекин Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Тошкент вилоятида ажримлар сони юқори.

Кореяда вафот этган ўзбек аёлининг ўлимида қотиллик аломатлари аниқланмади

Кореяда вафот этган ўзбек аёлининг ўлимида қотиллик аломатлари аниқланмади

Мазкур ҳолатга Ўзбекистон ТИВ ойдинлик киритди.

АҚШда ўзбекистонлик талаба вафот этди

АҚШда ўзбекистонлик талаба вафот этди

Марҳум Stony Brook университетида компьютер технологиялари ва информатика йўналишида таҳсил олаётган бўлган.

Фарғонада вояга етмаган ака-ука сувда чўкиб, вафот этди

Фарғонада вояга етмаган ака-ука сувда чўкиб, вафот этди

Укасининг сувга тушиб кетганини кўрган ака уни қутқармоқчи бўлган.

Навоийда эридан қочган аёл ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Навоийда эридан қочган аёл ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Ёлғон маълумот тарқалишига сабабчи бўлган блогер 20,6 млн сўм жаримага тортилди.

Муҳтожларга “SOS” маркази зарур(ми)? | Zamon.uz