Сурхондарёдаги 6 та маҳалла сув тошқини хатаридан ҳоли бўлди
2021 йилнинг июль ойида Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) номига Сурхондарё вилояти Узун тумани «Файзобод» маҳалласи ва унинг атрофидаги аҳоли пунктларида истиқомат қилаётган фуқаролардан мурожаат келиб тушди.

Шуниси эътиборлики, Сурхондарё воҳаси ёғингарчилик нотекис тақсимланган ҳудуд ҳисобланади. Жанубий туманлардаги текисликларга ёмғир-қор кам ёғади. Бироқ, тоғ ёнбағирлари бўйлаб кўтарилгач, ёғин миқдори икки баробар ортади. Айниқса, Ҳисор тоғларининг жанубий ёнбағирлари хатарли ҳудуд ҳисобланади. Шу жиҳатдан Сурхон дарёси ўзанининг ўзгариши кўплаб аҳоли пунктларида истиқомат қилаётган фуқаролар ҳаётини жиддий хавф остига қўяди. Шуни ҳисобга олган ҳолда, ушбу мурожаат келиб тушиши биланоқ Омбудсман томонидан алоҳида назоратга олиниб, муаммони имкон қадар тезроқ ҳал қилиш учун идоралараро ҳамкорлик механизмлари ишга солинди.
Мурожаатда баён этилганидек, ҳудуддан оқиб ўтадиган Сурхон дарёси ўзани 90 даражага ўзгариши оқибатида 6 та маҳалла аҳли сув тошқини хавфи остида қолган. Бундан хавотир олган аҳоли ушбу мурожаатни йўллаган. Омбудсманнинг саъйи-ҳаракатлари билан муаммо тўлиқ ҳал этилди. Жумладан, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 3 миллиард сўм ажратилиб, Сурхон дарёсининг оқим йўналишининг 1,3 километрлик қисмида ўзанни тўғирлаш ва қирғоқларни мустаҳкамлаш ишлари олиб борилди.
Шу кунларда Узун туманининг юқорида тилга олинган ҳудудида истиқомат қилаётган аҳолидан келиб тушган ташаккурномада фуқаролар муаммонинг ўз вақтида ҳал этилгани учун мамлакатимиз раҳбарияти ва Омбудсманга миннатдорчилик билдирдилар. Эндиликда Файзобод маҳалласи аҳли ҳам тинч меҳнат қилиб, хотиржам яшамоқда.
Аввалроқ, Наманган вилоятига сел келиб кўчаларни сув босгани ҳақида хабар берган эдик.
Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) билан ҳамкорликда тайёрланди.







