Озодбек Назарбеков устози Муҳриддин Холиқовни туғилган куни муносабати билан ёдга олди (видео)
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков эл суйган хонанда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳриддин Холиқовни туғилган куни муносабати билан ёдга олди ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали пост қолдирди.


Унда шундай дейилади.
“Олис болалигимдан қалбимга санъатга ошуфталикдек бир оташ тушган эдики, уни жиловлаш имконсиз эди.
Радио, ойнаи жаҳон орқали тинглаётганим ижролар орасидан Муҳриддин Холиқовнинг қўшиқларига меҳрим тушди. Бу хониш юрагимга жуда яқин эди.
Ҳаётимни ўзгартирган, орзуларим рўёби сари йўл бошланган бир бахтли кунда бу инсон билан учрашдим.
Мен саҳнани Муҳриддин Холиқов қўшиқлари билан танидим, шу қўшиқлари билан улғайдим.
Бу инсон менга бир ота фарзандига қандай яхшилик қилиши мумкин бўлса шундай кўмак бериб, ҳаёт йўлимни нур каби ёритди, одамийликни ўргатди.
Ҳар бир санъаткор ҳаётлик чоғида ҳам, мангуликка юз тутгандан сўнг ҳам фақатгина халқи, мухлислари меҳр-муҳаббати билан ардоғ топади, эъзозланади.
Бугун унинг қўшиқлари янграётган бир хонадон ёки маскан борки, демак Муҳриддин Холиқов номи мангу БАРҲАЁТ, қўшиқлари мудом ва абад СЕВИМЛИ бўлиб қолажак!
Устозимнинг биргина қўшиғини севиб тинглаган бўлсангиз, демакки, сиз ҳам мухлиссиз. Ўйлаймизки, устозимнинг ҳаққига қўл очиб дуо килиб қўйишдан асло оғринмайсиз!”







