Инновацион платформа ўқитувчилар малака ошириши учун янги имконият
Ўқитувчилар малакасини оширишнинг ўзбекча TDP@Scale моделига старт берилади. Ҳозирча, ушбу янги тартиб Президент таълим муассасалари агентлиги ўқитувчилари учун жорий этилиб, кейинрок, бу моделнинг Ўзбекистондаги барча мактаблар учун татбиқ этилиши режалаштирилган.

Ҳозирда агентлик тизимидаги мактаблар мазкур амалиётнинг жорий этилишида локоматив вазифасини бажаради. Бу ҳақда бугун Президент таълим муассасалари агентлиги UNESCO ҳамда IDRC билан ҳамкорликда ташкил этилган “Ўзбекистондаги ўқитувчилар малакасини ривожлантиришга доир ёндашувларини мослаштириш ва кўламини кенгайтириш”га қаратилган лойиҳанинг очилиш маросимида айтилди.
Ҳўш, бу қандай тартибда амалга оширилади?
- Бунинг учун, педагог кадрлар Агентлик томонидан ишга тушурилган edu.piima.uz сайти орқали TDP@Scale платформасига уланишлари ва бу ерда ҳар бир фан доирасидаги модул курслари машғулотларида иштирок этишлари керак бўлади, - дейди Президент таълим муассасалари агентлиги директори Ҳилола Умарова.
- Модуллардаги иштироки ўқитувчининг портфолиосида акс этиб боради. TDP@Scale платформаси орқали нафақат педагог кадрлар, балки раҳбар ходимлар ҳам малака оширишлари мумкин бўлиб, педагоглар муайян модулдан ўтганларидан кейин уларга Агентлик томонидан сертификат тақдим этилади. TDP@Scale Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан UNESCO билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур платформадан фойдаланиш мутлақо текин бўлади.
Маълумот ўрнида: TDP@Scale модели Ўзбекистонда ўқитувчилар малакасини оширишга қаратилган бутунлай янги ёндашувдир. Малака ошириш курсларининг онлайн тарзда тақдим қилиниши ўқитувчиларга қулайлик яратади ва уларнинг доимий тарзда соҳадаги янгиликлардан хабардор бўлиб боришга ёрдам беради. Ушбу модел ёрдамида ўқитувчилар иш жараёнидан узилмаган ҳолда мунтазам тартибда ўз малакаларини ошириб боришлари мумкин бўлади.
Баҳринисо Мадумарова







