11 нафар неваранинг бувиси 58 ёшда талаба бўлди
Қарши давлат университети психология факультетига ҳужжат топширган Нишон тумани «Кимёгар» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулсум Хуррамова 75 балл тўплаб, 58 ёшида талаба бўлди. Бир сўз билан айтганда, у илм олишнинг эрта кечи йўқлигини исботлади.


Гулсум Хуррамова:
- Шу вақтгача бирор марта олий таълимга ўқишга кириш учун ҳужжат топширмаганман. 24 йил маҳалла фуқаролар йиғинига раислик қилдим. Маҳалла аҳлига елкадош бўлдим. Улар иғласа йиғладим, кулса кулдим. Одамлар дарди билан яшадим.
Сизда нима сабабдан шунча йил ўтиб энди талаба бўлиш иштиёқи пайдо бўлди?
- Маҳалла фуқаролик йиғини раислигига бўлиб ўтган аввалги сайловларда олий маълумот талаб қилинмаган эди. Кейингиларига маҳалла раислари олий маълумотли бўлиш керак, деган талаб қўйилди. Шунда вилоят ҳокими ва прокурор мен ҳақимда “Ташаббускор, фидойи инсон, унинг маҳалласидан жиноятчи чиқмаган,тиниб-тинчимайди, ваъда берса, албатта, устидан чиқади” деб яна раис сифатида сайланишимга ёрдам берган. Ана шу ишончни оқлаш учун олий маълумотли бўлишга қарор қилдим.
58 ёшли аёлнинг имтиҳон топшириш жараёни қандай кечди?
- Албатта жуда ҳаяжонландим. Эрталаб имтиҳон топширгани кетаётганимда турмуш ўртоғим чин юракдан дуо қилди. Бу менга ишонч, куч-қувват бағишлади.
Ўқишга кирганингиз ҳақида хабар келганида ўзингизни қандай ҳис қилдингиз?
- Мандат чиқишини қариндошларим, оилам билан интиқ бўлиб кутдик. Ўқишга қабул қилинганим ҳақидаги хушбабар келганида хонадонимизда катта байрам бўлиб кетди. Ҳамма келиб табриклади. Жуда севиндик.
Кўпйиллик фаолиятингиз инобатга олиниб имтиёзлар берилдими?
- Менга ўқишга киришим учун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тавсия берди. Шу билан бирга туман ҳокимлиги ҳам қўллаб-қувватлаб турди. Лекин мен кириш учун етарли бал тўплаганим сабабли имтиёзларга эҳтиёж қолмади.
Мен Ватаним учун бундан кейин ҳам бор куч-ғайратимни аямайман. Ҳозирда 11 неваранинг бувисиман. Катта оилам бор. Лекин ўқиш учун ҳар қандай шароитда ҳам вақт топаяпман. Менга ишонч билдирганларнинг юзини ерга қаратмайман.
Гулсум Хуррамова яқинда “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” кўкрак нишони билан мукофотланди. У бундан аввал Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қашқадарё вилоят Кенгаши эълон қилган «Энг намунали маҳалла раиси» кўрик-танловида вилоят бўйича 3 –ўринга муносиб топилган эди.
Муножат Валиева суҳбатлашди.







