Президентликка даъвогар шахс номзодлик гувоҳномасини эсдаликка олиб қўйиши мумкинми?
Президент сайлови муҳим сиёсий жараён. Сайловларда инсонларнинг фикрлари хилма-хиллиги, орзу-умидлари намоён бўлади. Демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини очиқ ҳамда адолатли сайловларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ўзбекистонда демократик талаблар ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга жавоб берадиган, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш кафолатларини таъминлайдиган миллий сайлов тизими яратилган.


Бугун, 11 сентябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлисни Комиссия Раиси З.Низамходжаев олиб борди.
Комиссия аъзолари дастлаб Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олиш масалаларини кўриб чиқишди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 8 сентябрь куни Марказий сайлов комиссиясига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партияси тегишли ҳужжатлар ва Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақаларини тақдим этилган. Сайлов кодексининг 39-моддасига биноан, сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги Марказий сайлов комиссияси қарори билан тузилган Экспертлар гуруҳи томонидан текширилган.

Мажлисда хар иккала партия томонидан тақдим этилган ҳужжатлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари қонун талабларига мослиги инобатга олиниб, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Қодиров Алишер Келдиевич ҳамда Ўзбекистон Экологик партиясидан Обломурадов Нарзулло Наимович Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар этиб рўйхатга олинди.
Маълумот ўрнида: марказий сайлов комиссиясига келиб тушган яна 6 та маҳаллий оммавий ахборот воситасининг жами 32 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди. Эндиликда аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари жами 907 нафарни ташкил этмоқда.
Мажлисда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг гувоҳномаси тавсифи ва намунаси тасдиқланди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг гувоҳномаси 125х90 миллиметр ўлчамдаги тўқ яшил рангли қаттиқ чарм муқовали китобча кўринишига эга бўлади.
Тадбир давомида журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди. Хусусан:
— Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг гувоҳнома сайловдан сўнг унинг ўзида қоладими? Уни эсдалик сифатида олиб қўйиш мумкинми?

— Бу гувоҳномани амал қилиш муддати бор. Яъни бу сайлов натижалари расман эълон қилингунга қадар ўз кучида бўлади. Ундан сўнг амал қилиш муддати тугайди. Бизнинг қонунларимизда буни қайтариб олиш деган нарса йўқ.
— Аккредациядан ўтган ОАВ ходими фақатгина ўзининг ҳудудидаги сайлов округидаги жараёнларни ёритадими ёки республика бўйлаб кузатиш имкони ҳам борми?

— Журналистлар нафақат ўзи яшаётган ҳудудидаги, балки республикадаги бошқа округлардаги жараёнларни ҳам бевосита ёритиш ҳуқуқига эга. Фақатгина журналистга оғирлик қилмаса, чарчаб қолмаса бўлгани.
Баҳринисо Мадумарова







