Сирдарёда аёл кишининг ёқиб юборилган жасади топилди — қотиллар қўлга олинди
Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида дала майдонидан ёқиб юборилган аёл жасади топилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Унга кўра, жорий йилнинг 10 сентябрь куни соат 13:50 ларда Мирзаобод тумани, Деҳқонобод маҳалласи ҳудудидаги дала майдони четидаги жинғил буталари орасидан аёл жинсига мансуб, ёқиб юборилган ҳолдаги жасад топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида, номаълум мурданинг шахсига аниқлик киритилган. Шунингдек, ушбу жиноятни содир қилган шахслар С.К, ҳамда унинг жиноий шериклари Л.К, С.М, В.Д ва Ж.Млар эканлиги аниқланиб, улар эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
"Ҳозирда ҳолат юзасидан Мирзаобод туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “Ж” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда", — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ фотиҳаси бузилгани учун ўз жонига қасд қилган қизнинг жасади ҳамон қидирилаётгани ҳамда Косонсой туманида содир бўлган сел ҳодисаси нажидасида йўқолган 7 ёшли боланинг жасади топилгани ҳақида хабар берилганди.







