Тошкентдаги кўргазмада Франциялик талабалар ўз кулолчилик маҳсулотларини намойиш қилди
Сўнгги йилларда мамлакатимизда қадимий ва бой тарихимиз, миллий ўзлигимиз, бетакрор қадриятларимиз тимсоли бўлган халқ амалий санъатини ривожлантириш, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг бу борадаги улкан салоҳиятини дунёга кенг намоён этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.


Шу йилнинг 15 сентябрь куни Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида Республика “Ҳунарманд” уюшмаси, Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи, Ӯзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси, Франциянинг A.S.I.E халқаро жамғармаси билан ҳамкорликда “Устоз-шогирд: Ўзбекистон ҳунармандчилик мактаблари дунё миқёсида!” номли кўргазма ташкил этилди.

Ӯзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси, Республика “Ҳунарманд” уюшмаси Франциянинг A.S.I.E халқаро жамғармаси билан ҳамкорликда амалга ошираётган лойиҳа дастури бӯйича Франция Олий ҳунармармандчилик мактабида кулолчилик ихтисослиги бӯйича таълим олаётган талабалар Элоди Дювин ва Алис Жанел кўргазмада ўз маҳсулотлари билан қатнашди.
Кўргазмада, шунингдек, Ғиждувон кулолчилик мактаби давомчиси Абдулло Нарзуллаев, Ургут кулолчилиги давомчиси Нўъмон Облоқулов, Хоразм кулолчилиги давомчиси Одилбек Матчонов ишларидан намуналар намойиш қилинди.

Франциялик талабалар ғиждувонлик уста кулол Абдулло Нарзуллаевнинг кулолчилик музейи мажмуасида амалий машғулотлар ўтказди. Бухоро миниатюра мактабида қадимги қоғоз ишлаб чиқариш технологиялари ва миниатюра санъати бўйича ҳам маҳорат-дарслари бўлиб ўтди. Бу ерда улар нафақат кулолчилик, балки анъанавий каштачилик ҳамда гилам тўқимачилиги бўйича ҳам ўз маҳоратларини синаб кўрди.

Франциялик талабаларнинг ушбу лойиҳа доирасида икки ой мобайнида Ургут ва Хоразм кулолчилик мактаби анъаналарини ҳам ўрганиши кўзда тутилган.
Муножат Валиева







