«Мен шаҳримни севаман!» – Ўзбекистонда Европа ҳаракатланиш ҳафтаси-2021 старт олди
Бугун, 16 сентябрь куни Мирзо Улуғбек номидаги боғда «Мен шаҳримни севаман: шаҳарда барқарор ҳаракатланиш ижодкорлар нигоҳида» номли кўргазманинг очилиши бўлиб ўтди. У мамлакатимиз бўйлаб старт берилган Европада ҳаракатланиш ҳафталиги доирасида ташкил этилди.


Қайд этиш керакки, ЕҲҲ юртимизда учинчи бор ташкил этилмоқда. «Ўз шаҳрингизни севинг! Барқарор ҳаракатланинг Соғлом бўлинг!» шиори остида бир қатор тадбирларни ўзида мужассам этади.
Facebook ва Instagramда #Меншаҳримнисеваман челленжи старт олиши, Tashkent Runners югуриш ишқивозлари клуби Тошкентдаги каналлар ёнида «Ҳаракатчанлик акцияси» каби тадбирлари шулар жумласидандир.

Кўргазмада иштирок этган меҳмонлар ҳафталик доирасида аҳолини атфосфера тозалиги учун автотранспорт воситаларидан воз кечишга чақирди.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Элчиси Шарлотта Адриан хоним
- «Шубҳасиз, ҳафталик ҳар бир шаҳарнинг янада яшилроқ бўлишига ва кўкаламзорлаштирилишига ҳисса қўшади. Лойиҳанинг асосий мақсади ҳаётимизни ҳам соғломлаштиришдан иборатдир. Бу йил ЕҲҲ доирасида 50га яқин мамлакат 700 дан ортиқ тадбирларни ўтказишни режалаштирган. Ўзбекистонда ташкил этилаётган тадбирларда мутасадди ташкилотлар вакиллари, ҳаваскорлар, ижодкорлар иштирок этаётганидан хурсандмиз».
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ Бошқаруви раиси Анвар Жўраев
- «Шаҳарда барқарор ҳаракатланиш фаолиятимизнинг энг устувор йўналишларидан биридир. Европа Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланаётган Европа ҳаракатланиш ҳафтаси каби акциялар орқали фуқаролар Ўзбекистон шаҳарлари яшаш учун янада қулай бўлишини хоҳлаётганларини кўряпмиз. Шу аснода истиқболга назар ташлаб, одамлар умидларини оқлаш учун бор имкониятларимизни ишга соляпмиз. Шу билан бирга биз Тошкент аҳолисини бўлажак Ҳаракатланиш ҳафтаси давомида ўз шахсий автотранспорт воситаларини бир ҳафтага велосипед, самокат ва бошқа муқобил транспорт воситаларига алмаштириб туришларини сўраймиз».
Қайд этиш керакки, Европа ҳаракатланиш ҳафтаси шаҳарда барқарор ҳаракатланиш бўйича Европа комиссиясининг ташаббуси билан 2002 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Лойиҳа барча шаҳар ва қишлоқларни акцияга қўшиб, бир ҳафтани барқарор ҳаракатланишга бағишлашга даъват этади. Жорий йили ЕҲҲ — 2021да дунё бўйлаб 2290 шаҳар (45 мамлакат) иштирок этади. Шунингдек, бу йил ЕҲҲ глобал кампанияси ўзининг 20 йиллик юбилейини нишонлайди.
Эслатиб ўтамиз, ҳафталик 22 сентябрга қадар бўлиб ўтади.
Муножат Валиева







