Тошкентда 20 000 дона рентген плёнкаларини харидорга 14 000 АҚШ долларига сотган шахс ушланди
Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ноқонуний муомалага киритилиши олди олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.


Маълум қилинишича, Департамент Шайхонтоҳур туман бўлими томонидан ДБҚ ва ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Л.А. ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган тиббий буюмлар туркумига кирувчи жами 20 000 дона рентген плёнкаларини харидорга 14 000 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Бундан ташқари, Департамент ҳамда ДХХнинг Шайхонтоҳур тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаролар Д.В., С.Х. ва И.Ж. кучли таъсир қилувчи 100 дона “Регапен” номли дори воситасини 2,5 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланиб, улардан жами 112 дона “Регапен” номли дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Андижонда 650 млн сўмлик сифати кафолатланмаган ва истеъмолга яроқсиз дори воситалари йўқ қилинганди.
Аввалроқ, Тошкент шаҳрида «Клексан» номли дори воситаларининг ноқонуний муомалага киритилишининг олди олингани ҳамда Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида кучли таъсир қилувчи «Тропикамид» дори воситасини сотаётган шахс ушлангани ҳақида хабар берилганди.







