Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг собиқ проректори 2 млн долларни талон-торож қилганликда гумонланиб, қидирувга берилди
Тошкент давлат иқтисодиёт университети собиқ проректори Нодир Фозилович Идиев қидирувга берилди. У фирибгарликда айбланмоқда. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу фуқаро бунга қадар "Асака банк" АЖ Бухоро вилояти филиалида ҳам фаолият юритган ва айнан шу ердаги ишлари сабаб қидирувга берилган. 2021 йилнинг июлида "Асака банк" АЖ Бухоро вилояти филиали собиқ мансабдори "Осиё тараққиёт банки" маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган 2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит маблағларини сохта ҳужжатлар асосида фирибгарлик йўли билан қўлга киритмоқчи бўлган.
Бухоро шаҳар жиноят-қидирув бўлими бошлиғининг айтишича, Идиевга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми билан жиноий иш очилган.
Аввалроқ, Тошкентда ўта оғир жиноят содир этганликда гумонланаётган шахс қидирилмоқдалиги ҳақида хабар берган эдик.
Муножат Валиева







