Урганчда “ДХМ дриве” хизмати йўлга қўйилди
Урганч шаҳар ДХМ биноси ёнидаги автотураргоҳ ҳудудида “ДХМ дриве” хизмати синов тариқасида ишга тушди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги хабар берди.


Унда айтилишича, энди қатор хизматлардан фойдаланиш учун ДХМ биносига кириш ва навбат олишга ҳожат қолмайди. Автотранспорт воситасидан тушмаган ҳолда “ДХМ дриве” хизматидан фойдаланиб, ишингизни битиришингиз мумкин.
Мазкур хизмат ҳам навбатларнинг олдини олади, ҳам фуқароларга енгиллик яратади. Ундан болаларни мактабгача таълим ташкилотларига электрон навбатга кўйиш, пенсия ҳақида маълумотнома олиш, нафақа тайинлаш, шунингдек, электр, газ ва ичимлик суви ҳисоблагичларини пломбалаш каби хизматлар учун фойдаланиш мумкин.

Эслатма: ушбу хизмат ҳозирча синов тариқасида йўлга қўйилган бўлиб, ҳафтанинг душанба ва сешанба кунлари ишлайди.
Бундан аввал мобил иловада электрон хизматлар сони 100 тага етказилиши, ягона портал “my.gov.uz” орқали “тонировка”га рухсатнома олиш бошлангани ҳамда эндиликда аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилиши ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







