Совуқ кунлар келяпти. Газ бўлмайдиган ҳудудларга кўмир қай тартибда тарқатилишидан хабарингиз борми?
Қиш мавсумида газ бўлмайдиган ҳудудларга етарли миқдорда кўмир етказиб бериш бўйича тегишли ҳужжатлар тасдиқланган.


Бунда газ бормайдиган ҳудудларда яшовчи аҳолига зарур сифат ва мақбул нархларда кўмир етказиб бериш кўзда тутилган.
Бу тизимнинг амалга оширилиш жараёнида туман ҳокимлиги томонидан тасдиқланган жадвал маҳалла фуқаролар йиғинига етказилади.
Мазкур жадвал аҳолини кўмир билан таъминлаш ҳақида бўлиб, маҳалла фуқаролар йиғини унга таянган ҳолда келиб тушган аризаларга мувофиқ кўмирни сотиб олиш бўйича реестрни шакллантиради. Кейинги босқичда МФЙлар шаклланган реестрни кўмир омборларига етказиб беради.
Кўмир омборлари маҳалла фуқаролар йиғини тақдим этган реестр ва туман ҳокимлиги томонидан тасдиқланган жадвалга қараб иш режасини тузишни бошлайди. Яъни аҳолини кўмир маҳсулоти билан узлуксиз таъминлаш чораларини кўради ва амалга оширади.
Эслатма: ёнилғига Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган нархлар қўйилади ва шунга асосан аҳолига тарқатилади.
Бундан аввал кам таъминланганлар рўйхатига киритилганларга имтиёз белгилангани, “Болалар пули” бола сонига қараб белгилангани ва қандай тартибда амалга оширилиши ҳамда болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилаётгани ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







