Ислом цивилизацияси маркази биноси учун сарфланаётган маблағ миқдори очиқланди
Қайд этилишича, Tошкент шаҳри Олмазор тумани ҳудудида қурилаётган Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази қурилиши юзасидан шартнома имзоланди.

Унга кўра, жорий йил 11 октябрь куни Буюртмачи – Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ҳамда Пудратчи – “Трест-12” АЖ ўртасидаги 2017 йил 27 декабрдаги шартномага ўзгартиш киритилди.
Шартномада келтирилган рақамларга кўра, мазкур марказ қурилиши учун тахминан 1 триллион 723 миллиард сўм сарфланади.
Шу билан бирга, ўзбек миллий валютасида кўрсатилган мазкур маблағларни 2021 йил 12 октябрдаги Марказий банк курси билан ҳисоблаганда хорижий валютадаги миқдори 161,5 миллион долларни ташкил қилмоқда.
Маълумот ўрнида, ушбу қурилишда асосий пудратчи ҳисобланган “Трест-12” акциядорлик жамияти таъсисчилари бир муддат аввал жамоатчилик эътиборига тушган ва жамият таъсисчиларидан айримлари қурилиш вазири Ботир Закировнинг қариндошлари бўлганлиги сабабли аксарият йирик тендерларда ғолиб чиқаётгани танқид остига олинганди.
Чўлпоной Аҳмедова







