1 ноябрдан МФЙ ходимлари маоши 35 фоизга оширилади
Бугун, 18 октябрь куни давлатимиз раҳбари "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонни имзолади.

Ҳужжатга кўра, 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб ҳудудида хонадонлар сони мингта ва ундан ортиқ бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг ойлик лавозим маошлари 35 фоизга оширилади.
Қайд этилишича, МФЙ ходимларини рағбатлантириш, уларга бухгалтерия хизматини кўрсатиш вазифаси туман (шаҳар) ҳокимликларидан — туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига ўтказилади.
Шунингдек, юридик шахс мақомига эга бўлмаган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилади.
Молия вазирлиги 2021 йилда барча МФЙларга зарур канцелярия товарлари хариди учун 9,2 миллиард сўм маблағ ажратади.
Маълумот учун: Жаҳонгир Ортиқхўжаев намунали деб топилган Тошкентдаги 50 та маҳалла раисларига "Spark" автомобили совға қилинишини айтган эди.
Аввалроқ давлат раҳбарининг кўкрак нишони ва штандарти жорий қилиниши ҳақида хабар берилганди.







