Маҳалла — ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчиси
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида ташкил этилган Халқаро Медиа- холлда "Маҳалла тизими ҳамда нодавлат-нотижорат ташкилотларининг жамиятдаги ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги фаол иштироки" мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Мазкур учрашувда маҳалла тарихи ва унинг ривожланиш босқичлари, сўнгги йилларда соҳада олиб борилаётган муҳим ислоҳотлар, шунингдек, маҳалла тизимининг мамлактимиздаги сиёсий жараёнлардаги фаол иштироки, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, оила институтини ривожлантириш ҳамда жамиятдаги бошқа жараёнлардаги ўрни хусусида маълумот бериб ўтилди.
Учрашув давомида фуқаролар йиғинларининг яқинлашиб келаётган муҳим сиёсий жараён — Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида маҳалла тизими ходимларининг вазифалари хусусида ҳам сўз борди.
Сайлов жараёнида маҳалла ходимларининг иштироки, энг аввало, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва электорат маданиятини ошириш, сайловларнинг очиқ ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш ҳамда жамоатчилик назоратини амалга оширишда долзарб аҳамият касб этади.
Таъкидлаб ўтилганидек, маҳалла — вакиллик демократиясининг сайловлар натижасида шаклланадиган жамоатчилик институти ҳисобланади. Шу боис, маҳалланинг давлат органлари билан ҳам, сайлов органлари билан ҳам муносабатлари тенг ҳуқуқлилик асосидаги ижтимоий ҳамкорлик тамойилларига асосланади.
Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида белгиланганидек, маҳалла раислари ва ходимлари участка сайлов комиссияларини шакллантиришда иштирок этади. Жумладан, участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар тўғрисидаги таклифларни халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашлари мажлисларида муҳокама қилиш ва тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этади.
Сайлов комиссияларининг самарали фаолият олиб бориши учун зарур шароитларни яратади, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун керакли бўлган маҳалла бинолари ва жиҳозларини сайлов комиссиялари ихтиёрига бепул бериб туради. Сайлов комиссияларига ўз ваколатларини амалга оширишида кўмаклашади, уларнинг иши учун зарур маълумотларни тақдим этади.
Сайлов компаниясининг очиқ ва ошкора ўтиши, сайлов комиссиялари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда кузатувчи сифатида иштирок этади.
Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш, жумладан, участка сайлов комиссияларига маҳалла биноларини ажратиш, зарур жиҳозлар билан таъминлаш, маҳалладан кузатувчиларни шакллантириш, уларнинг фаолиятини самарали йўлга қўйиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга доир амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот беради.
Муножат Валиева







