"Янги Ўзбекистон" китоб альбомининг тақдимоти бўлиб ўтди
Бугун Халқаро медиа-холлда Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб чоп этилган "Янги Ўзбекистон" китоб-альбомининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Мазкур китоб-альбом турли вазирлик ва идоралар мутахассислари, фотомухбирлар ҳамда АОКА масъул ходимларидан иборат ижодий жамоа томонидан нашрга тайёрланди.
Ушбу китоб-альбомда истиқлол йилларида, айниқса, кейинги беш йилда юртимизда янги давлат ва жамият қуриш, ҳалқимиз қалбидан чуқур жой олган Янги Ўзбекистон ғоясини амалга ошириш йўлида олиб борилаётган улкан ишлар ҳақида атрофлича ҳикоя қилинади.
Янги Ўзбекистонда иккинчи жаҳон уруши ғалабаси билан боғлиқ муқаддас хотирани абадийлаштириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Шонли ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон” нашриётида “Ўзбекистон иккинчи жаҳон уруши даврида“ номли китоб-альбоми тайёрланиб, ўзбек ва рус тилларида чоп этилди.
— Ушбу китоб-альбом 2020 йил нашр қилинган “Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси” номли китоб- альбомининг мантиқий давоми бўлиб, унда янги бунёд этилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ва унинг таркибидаги “Шон-шараф” давлат музейи ҳақида ҳикоя қилинади, — дейди Ўзбекистон энг янги тарихи масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи методик марказ директори Козимхон Сагдуллаев.
Унда, шунингдек, шонли сана муносабати билан чоп этилган китоблар, тадқиқот натижалари бўйича маълумотлар ўрин олган. Зулфия ая Зокирова, Мамадали Топиволдиев, Аҳмаджон Мамажонов, Каримжон Исоқов каби қаҳрамонларнинг авлодлари дил сўзлари ҳам берилган бўлиб, уларда халқ жасоратига кўрсатилаётган эҳтиром учун миннатдорлик билдирилган.
Китоб-альбомнинг “Янги архив ҳужжатлари” бўлимидан Ўзбекистонга тақдим этилган Россия мудофаа вазирлиги марказий архивида сақланаётган генерал-маййор Собир Раҳимовнинг шахсий йиғма жилдидаги ҳужжатлар, Ўрта Осиё Ҳарбий округига тааллуқли материаллар ўрин олган.
Халқимизнинг яқин ўтмишидаги шонли тарихи, енгилмас иродаси ва матонати, башариятни фашизм балосидан халос этишга қўшган улкан ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу нашр юртимизда инсон хотираси азиз ва муқаддас эканини намоён этиш билан бирга, ҳар биримизни бугунги тинч ва осуда ҳаётни қадрлаб яшашга даъват этади.
Муножат Валиева







