ХДП Халқаро медиа-холлда Ўзбекистон Президенти сайлови кампаниясида иштирокига бағишланган брифинг ўтказди
Халқаро медиа-холлда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Ўзбекистон Президенти сайлови кампаниясида иштирокига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда Президент сайловига тайёргарлик кўриш доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда мазкур жараённинг барча босқичларини самарали ташкил этиш, фаолиятни тизимли мувофиқлаштириб бориш бўйича партия марказий сайлов штаби ташкил этилиб, асосий вазифалар белгилаб олингани ҳақида сўз юритилди.
Брифингда таъкидланганидек, бу йилги сайловга тайёргарлик жараёнлари қизғин кечди. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг янги сиёсий рекламаси ва имижи яратилди, ребрендинг ишлари олиб борилди. Партия рамзининг 10 дан ортиқ лойиҳалари ишлаб чиқилиб, кенг муҳокамалар жараёнида логотип шакли мукаммаллашиб борди ва партия Марказий Кенгашининг IV пленумида Халқ демократик партиясининг янги рамзи тасдиқланди ҳамда Адлия вазирлиги томонидан қайта давлат рўйхатидан ўтказилди.
Партиянинг марказий сайлов штаби таркиби, унинг вазифа ва ваколатлари аниқлаб олинди ҳамда партиянинг Ваколатли вакили белгиланди. Хусусан, партия ташкилотлари ҳузурида 1 та Марказий, 14 ҳудудий ва 202 туман-шаҳар сайлов штаблари тузилди.
"Яна бир муҳим жиҳатига эътиборингизни қаратаман, бу йилги сайлов жараёнларида бизнинг электоратимиз ҳисобланган ижтимоий ҳимояга муҳтож ногиронлиги бор шахслар учун брайн алифбосида номзоднинг сайловолди дастури чоп этилди", — дейди ЎзХДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари Фирдавс Шарипов.
Ҳозирда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ахборот маконидаги ўрнини мустаҳкамлаш борасидаги устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича 6 та йўналишдан иборат медиа дастури ва PR-стратегияси ишлаб чиқилган. Партиянинг www.xdp.uz веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида фуқаролар билан алоқа қилиш тизимининг замон талабига мослаштириш мақсадида бир қатор интерактив алоқа хизматлари очилди ва сайт имкониятлари янада кенгайтирилди, партиянинг марказий ва ҳудудий кенгашлари қошида ахборот майдони бўйича ишловчи гуруҳлар шакллантирилди.
Партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши биносида энг замонавий ахборот технологиялар ва рақамли ускуналар билан жиҳозланган Мультимедиа маркази ташкил этилди.
Муножат Валиева







