Сайлов жараёнларини ўрганиш ва унга кўмаклашиш — бош мақсадимиз
АҚШ элчихонаси томонидан ажратилган грант асосида сайловда иштирок этадиган номзод аёллар ўқитилди.

Бугун, 23 октябрь куни Халқаро медиа-холлда Демократия ва инсон ҳуқуқлари нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан сайлов жараёнлари устидан жамоатчилик мониторингига бағишланган брифинг ташкил этилди.
Брифингда Демократия ва инсон ҳуқуқлари нодавлат нотижорат ташкилотининг “Сайловлар жараёнида электорат ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий маданияти ва даражасини ошириш” номли лойиҳаси парламент комиссияси томонидан қўллаб-қувватлангани ва шу лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг конституциявий ва ҳуқуқий асослари ўрганилгани ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, ушбу ташкилот томонидан қонунчилик ҳужжатлари, хусусан, “Сайлов қонунчилигини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга киритилган янгиликлар бўйича таҳлиллар ўтказилди.
Сайлов жараёнида кузатувчилар институти ва унинг ҳуқуқий асослари, кузатувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари борасида аҳоли хабардорлигини ошириш мақсадида оммабоп услубда “Сайлов жараёнида кузатувчилар учун қўлланма” чоп этиб тарқатилди.
Сайёра Хаджаева, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори:
-Мамлакатимизда нодавлат ташкилоти сайлов жараёнига биринчи марта бевосита жалб қилинмоқда. Авваллари бундай ҳолат бўлмаган. Шу йилнинг бошида институтимиз номидан парламент жамғармасига сайлов жараёнида иштирок этиш таклифи билан чиқиб, ўз лойиҳамизни тақдим этдик. Лойиҳамиз маъқул келди ва биз мана иштирок этяпмиз. Бироқ биз майдонга қуруқ қўл билан чиққанимиз йўқ. 2019 йилги парламент сайловида АҚШ элчихонаси томонидан ажратилган грант асосида сайловда иштирок этадиган номзод аёлларни ўқитдик. Режа бўйича 200 нафар аёлни ўқитишимиз керак эди. Лекин режадан кўп — 340 ёлни ўқитдик. Ҳозирда уларнинг 79 нафари депутат, жумладан, 3 нафари Сенатор, 5 нафари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, қолганлари эса вилоят, шаҳар ва туман кенгаши депутатлари. Биз учун 1 нафар аёлнинг номзоди ўтса ҳам катта ютуқ эди. Бизнинг асосий вазифамиз аёлларнинг сиёсий ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали Парламентда аёллар сонини оширишдир. Ўтган йили USAID билан ҳамкорликда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунни нодавлат ташкилотлар ҳаётига тадбиқ этишдаги роли ҳақида шарҳ ёзиб грант ютдик.
Айни пайтда институт томонидан мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ташкил этиш ва ўтказиш жараёни юзасидан аҳоли фикрини аниқлаш мақсадида жамоатчилик мониторинги олиб борилмоқда. Мониторинг социологик сўровномалар ўтказиш йўли билан Тошкент шаҳри ва вилоятларда олиб борилмоқда. Олинган натижалар босқичма-босқич умумлаштирилиб бориляпти.
Муножат Валиева







