Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас...
63 ёшли эркак яна ўғирликка қўл урди.

Сирдарё туманида яшовчи 63 ёшли А.Раҳимов илгари олти маротаба судланган. Умрининг 25 йилдан ортиғини панжара ортида ўтказган. У яна жиноятга қўл урди.
А.Раҳимов галдаги жиноятни содир этиш мақсадида маст ҳолатда Сирдарё шаҳридаги Р.Отамуродова ҳовлиси деворидан ошиб ўтган. Ўғирликни амалга ошираётган вақтда уни уйга келиб қолган вояга етмаган С.Сайдалиева кўриб қолган. А.Раҳимов жиноятини охирига етказмай, воқеа жойидан яширинган.
Бундан ташқари, Сирдарё тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган “Қорадори — 2021” тадбирида А.Раҳимовнинг хонадони кўздан кечирилганида, молхонаси ёнида жойлашган қуриган дарахт шохлари орасида тувакларда наша етиштираётгани аниқланган.
Тезкор қидирув ишлари натижасида А.Раҳимов қўлга олинди. Суд ҳукмига кўра, унга нисбатан 6 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Бундан аввал Қашқадарёда бировнинг уйига меҳмонга келган шахс машина ўғирлаб қочиб кетгани ҳамда жарималардан 8 миллион қарзи бор фуқаро қўшнисининг автомобилини ўғирлаб кетгани ҳақида хабар берилганди.
Муножат Валиева







