"Цефтриаксон" дори воситаси сабаб 11 ёшли қизнинг ўлими Бош прокуратура томонидан назоратга олинди
Воқеа жорий йилнинг 20 октябрь куни Ангрен шаҳрида содир бўлган.

Ижтимоий тармоқларда Ангрен шаҳрида 11 ёшли қиз "Цефтриаксон" дори воситаси сабаб вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Маълумотда воқеа жорий йилнинг 20 октябрида содир бўлгани, сурункали бронхит сабаб мунтазам даволаниб келадиган 11 ёшли бемор шифокор кўрсатмасига биноан "Цефтриаксон" антибиотигини қабул қилгани айтилган.
Укол қилинганидан кейин 3 дақиқа ичида беморнинг қўлларида кўкаришлар, кўзларида қизариш, кўнгил айниши бошланган. 10 дақиқа ичида бемор ҳудудий шифохонага олиб борилган. Ўша ерда дастлабки юрак уришдан тўхташ ҳолати кузатилгани айтилган. Шифокорлар тезкор ҳаракатлар билан юрак фаолиятини тиклашга муваффақ бўлган. Аммо кейинчалик бу ҳолат яна икки марта такрорланган ва тонгда бемор юраги бутунлай тўхтаган.
Мазкур ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, марҳум Г.Р.нинг ўлимига қоннинг суюқ ҳолатдалиги, ички аъзоларнинг кам қонлиги, кўз қовоқларининг ўтувчи пардалари, ўпка, вицерал варағи остида, юрак эпикардида майда нуқтачалар кўринишидаги қон қуйилишлари, бош мия ва ўпка шиши, ички аъзоларининг сувсизланиши, анафлактик шок, ўткир юрак қон томир етишмовчилиги, нафас йўлларининг яллиғланиши, тархеит, бронхит, икки томонлама ўпкалар яллиғланиши, гастроэнтероколит оқибатида юзага келганлиги кўрсатиб ўтилган.
Ангрен шаҳар прокуратураси томонидан ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Тошкент вилоят прокуратураси томонидан назорат ўрнатилган.
Муножат Валиева







