Ҳакамларнинг чемпионатдаги нотўғри қарорлари мени ҳайратда қолдирди — Раҳматжон Рўзиохунов
Айни кунларда Сербия пойтахти Белград шаҳрида бокс бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда.

Кеча мусобақанинг чорак финал жанглари ўз якунига етди. Унда 6 нафар боксчимиз кураш олиб борган бўлса, икки нафари ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Спортчиларимизнинг ушбу турнирдаги муваффақиятсизликлари ҳақида Ўзбекистон бокс терма жамоаси мураббийи Раҳматжон Рўзиохунов шундай деди:
“Ҳакамларнинг чемпионатдаги нотўғри қарорлари мени ҳайратда қолдирди. Айни шу ҳолат бизнинг тўрт-бешта боксчимиз натижаларига салбий таъсир кўрсатди. Спортчиларимиз ютиб турган жойида ғалабани рақибга бeриб юбориш ҳаммага ҳам алам қилади-да. Бунга Шаҳобиддин Зоиров, Миразиз Мирзаҳалилов, Саиджамшид Жафаров, Одилжон Асланов жангларини мисол қилиб келтириш мумкин”.
Маълумот ўрнида: ушбу жаҳон чемпионатини терма жамаомиз 13 нафар боксчи билан бошлаган эди. Ҳозирги вақтда эса икки нафар спортчимиз — Мадияр Саидраҳимов ҳамда Абдумалик Халаков мусобақадаги юришини давом эттирмоқда.
Аввалроқ Абдумалик Халаков рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмагани ва Мадияр Саидраҳимов илк жангини ғалаба билан бошлагaни ҳақида хабар берилганди.
Жамшидбек Амиров







