Жамият

Мактабларда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими ортиқча... ми?

"Маҳалла" газетаси ва "Маҳалла кўзгуси" журналининг расмий сайтида ёзилишича, пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги мактаблардан бирида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи бўлиб ишлаётган ижодкорга мактаб директори бир ойга 180 минг сўм  маош чиқариб берибди.

Мактабларда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими ортиқча... ми?

 

Аслида бу ягона ҳолат эмас.Тарғиботчилар мактабларда жуда кўп савол ва муаммоларга дуч келмоқда.

 

Маълумки, 2021 йилдан ҳар бир умумтаълим муассасасида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими жорий этилди. Ушбу лавозимга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан тавсия этилган таниқли шоир, ёзувчи, журналист ва ижодкорлар, олий таълим муассасаларининг ижтимоий гуманитар кафедралари профессор ва ўқитувчилари жалб қилиниши кўзда тутилган.

 

Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчининг вазифаси — ёш авлодни маънан баркамол этиб тарбиялаш, мактаб ўқитувчилари ва фаол ўқувчиларининг ижодий ишларини кенг жамоатчиликка етказишга кўмаклашиш, турли хилдаги викториналар, мушоиралар, адабий кечалар, қизиқарли дарслар, китобхонлик ва шеърхонлик мусобақаларини ташкил этиш, мактаб ўқитувчилари ва фаол ўқувчиларни жалб этиб, газеталар чоп этиш ёки ўқув масканларининг электрон сайтида мактаб ҳаётидан қизиқарли мақолалар чиқариб боришдан иборат.

 

Шу ўринда савол туғилади: хўш, уларнинг фаолияти мактабларда қандай самара бермоқда? Ижодкор ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар орасида ижодга, адабиётга қизиқиш қай даражада ошди

 

Айрим мактабларда директорлар  “ишга келган кунларингизга қараб ҳақ тўлайман”, деган важ-карсонни пеш қилмоқда.

 

“Мактаб раҳбарининг ўзбошимчалик билан ўз хоҳишига мос тартиб-қоида белгилаши нимани англатади? Қолаверса, ушбу лавозимдаги ходим мактаб ўқувчиларининг маънавий оламини бойитиш, ижодий иқтидорини тарбиялаш билан шуғулланади. Мазкур меҳнатнинг баҳоси шундай паст даражада белгиланаётганини қандай тушуниш мумкин? Наҳотки, ёшлар орасида маънавий тарбия масаласи оғриқли бўлиб турган бир пайтда таълим маскани раҳбари учун бу юмуш шу қадар аҳамиятсиз бўлиб кўринса?..” – дейилади юқоридаги мақолада.

 

Бу лавозимга 0.5 штат бирлиги бўйича ҳақ тўланади. Агар мактаб болалари сони кам бўлса, унда 0.25 фоиз миқдорида маош белгиланади.  Шунингдек, ижодкорларни мактабларга бириктириш ва уларга шарт-шароит яратишни шахсан туман ва шаҳар ҳокимларининг ўзлари назоратга олади ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бу ишларни ташкиллаштиришга амалий ёрдам беради.

 

Юқоридаги ҳолат қулоққа кулгили ёки ачинарли тарзда эшитилиши мумкин. Бироқ нега айнан директор унинг келган кунига қараб маош белгилаган, аслида ишига қараш керакмасмиди?

 

Баъзи мактабларда директорлар ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчини ўзининг “матбуот котиби”га, пиарчисига айлантириб олган. Унга газеталарда мақоласини чиқариб бериши, мактабни телевидение орқали ёритилишини таъминлаш талабини қўйиш ҳолатлари учрайди.

 

— Бугунги кунда мактабларда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар фаолияти туфайли ўқувчи-ёшларни адабиётга, ижодга қизиқтириш борасида ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Умуман олганда, ижодкорларнинг мактаблар билан алоқаси борасида кўприк яратилди, мазкур йўналишда янги тизим пайдо бўлди. Лекин бу нарса бирданига катта самара бериши қийинроқ экан. Чунки кўплаб мактабларда маънавиятга эътибор ўта паст даражада эканига гувоҳ бўлиш мумкин. Ўзим ҳам пойтахтдаги таълим масканига бириктирилганман. Ўқувчилар орасида кутубхонага бориш, бадиий асар ўқиш, деган тушунча деярли йўқолиб кетган. Ҳатто ёзувчи-шоир кимлиги, нима билан шуғулланишини билмайдиган даражага борилган. Ижодкорларнинг мактаблар раҳбарияти томонидан қабул қилиниши ҳам қийин кечмоқда. Чунки улар педагог ходимлар билан ишлашга ўрганган ва мазкур лавозим эгалари билан шу талаб нуқтаи назаридан муомала қилади. Ойлик иш ҳақини “ишга келган куни бўйича тўлайман”, деган ҳолатлар бир эмас, кўп марта учрамоқда. Ахир ўқувчиларни ижодий жиҳатдан ривожлантиришда мактабга неча кун келиб-кетгани муҳимми ёки бирор самара бергани? Уларнинг машқларини таҳририятларга таништириш, матбуотда эълон қилинишига ёрдам бериш, онлайн гуруҳлар, электрон нашрлар ташкил этиб, ижодий муҳит яратиш ва ҳоказо юмушлар бор. Пойтахтдаги мактаб директорлари билан ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар фаолияти бўйича шахсан ўзим мулоқотда бўлиб тураман ва бу масалаларни уларга тушунтиришга, тарғиботчи ижодкорлар билан тўғри муносабат ўрнатишига ҳаракат қиламан. Буни қабул қиладиганлари ҳам, қайсарлик билан ўз фикрида туриб оладиганлари ҳам бор. Шу туфайли бир неча таниқли ижодкорлар бу лавозимни тарк этиш ҳолатлари бўлди. Демак, аҳвол тўлиқ жойига тушиб кетиши учун ҳали  вақт керак бўлади. - дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул ходими Маъмура Зоҳидова.

 

Мухтасар айтганда, мактаблардаги ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар фаолиятида жиддий муаммолар мавжуд. Ўқувчилардан олдин таълим мутасаддиларини ижодга қизиқтириш борасида иш олиб борган маъқулга ўхшайди. Халқ таълими вазирлиги бу борада ташаббусни бошлаб берса ёмон бўлмасди.

 

Оламгир Абдиев

 

Белгияда оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик ватанга қайтарилди

Белгияда оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик ватанга қайтарилди

У Нидерландияда қурилишда ишлаётганда ўткир тиш инфекцияси билан касалланган. Брюссел орқали Ўзбекистонга келаётганда аҳволи ёмонлашган.

Швеция миграция қонунчилигини бузган ўзбекистонликларни депортация қилди

Швеция миграция қонунчилигини бузган ўзбекистонликларни депортация қилди

20 нафар Ўзбекистон фуқароси чартер рейс билан Тошкентга етиб келди.

Мактаб ўқувчилари ЙТҲ содир этди: қурбон бор

Мактаб ўқувчилари ЙТҲ содир этди: қурбон бор

Cobalt бошқарув йўқотилиши натижасида йўлдан чиқиб кетган.

Ўзбекистонда никоҳ барқарорлиги қай даражада?

Ўзбекистонда никоҳ барқарорлиги қай даражада?

Қашқадарё, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида никоҳ барқарорлиги сақланган, лекин Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Тошкент вилоятида ажримлар сони юқори.

Кореяда вафот этган ўзбек аёлининг ўлимида қотиллик аломатлари аниқланмади

Кореяда вафот этган ўзбек аёлининг ўлимида қотиллик аломатлари аниқланмади

Мазкур ҳолатга Ўзбекистон ТИВ ойдинлик киритди.

АҚШда ўзбекистонлик талаба вафот этди

АҚШда ўзбекистонлик талаба вафот этди

Марҳум Stony Brook университетида компьютер технологиялари ва информатика йўналишида таҳсил олаётган бўлган.

Фарғонада вояга етмаган ака-ука сувда чўкиб, вафот этди

Фарғонада вояга етмаган ака-ука сувда чўкиб, вафот этди

Укасининг сувга тушиб кетганини кўрган ака уни қутқармоқчи бўлган.

Навоийда эридан қочган аёл ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Навоийда эридан қочган аёл ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Ёлғон маълумот тарқалишига сабабчи бўлган блогер 20,6 млн сўм жаримага тортилди.