Ўзбекистонда аҳолининг неча фоизи асосан ойлик маош билан кун кўриши очиқланди
Мазкур сўровномада тўртта вилоят аҳолиси тадбиркорлик орқали пул топишини маълум қилган.

Мавзу бўйича аҳолининг турли гуруҳлари иштирокида истеъмол кайфиятини ўрганиш бўйича сўровлар ўтказилди. Унга кўра, Ўзбекистонда аҳолининг 70 фоизи асосан ойлик маошга кун кўриши маълум бўлди. Бу ҳақда банк Матбуот хизмати хабар берди .
Сўровноманинг иштирокчиларининг қарийб 70 фоизи даромадларининг асосий манбаи ойлик иш ҳақи, 15 фоизга яқини эса тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадларга тўғри келишини таъкидлашган.
Хориждан пул ўтказмаларни қайд этган респондентлар улуши эса 3,4 фоизга тенг. Шунингдек, маълум ҳудудлар бўйича расмий ойлик иш ҳақи асосий даромад манбаи эканлигини кўриш мумкин.
Хусусан, Тошкент шаҳри (68,8 фоиз), Бухоро (61 фоиз), Андижон (58,7 фоиз) ва Тошкент вилоятлари (58,1 фоиз) респондентлари жавобларида ойлик маошнинг асосий даромад сифатида юқори улуши маълум қилинган.
Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни қайд этган респондентларнинг катта қисми Навоий, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Наманган ва Хоразм вилоятлари ҳиссасига тўғри келди. Сўров натижаларига кўра, жами респондентларнинг катта қисми, яъни 60 фоизи келгуси ойларда янги кредит олишга эҳтиёжлари мавжудлиги ҳам таъкидлашган.
2021 йилнинг II чорагида респондентларнинг даромади 1-3 миллион сўм ташкил этувчи қисми кредитга бўлган талаби юқорилигини ёзишган бўлса, III чоракда 3-5 миллион сўм ва 5-7 миллион сўм даромадли респондентларда ҳам кредитларга бўлган эҳтиёж сезиларли даражада ортганлиги кузатилди.
Умумий таҳлилларга кўра, аксарият респондентлар (45 фоиз) ўз жамғармаларини 3 ойгача етиши мумкинлигини таъкидлаб ўтишган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ энг кўп ва энг кам маош кимларда бўлиши ҳамда Ўзбекистонда энг кўп ҳақ тўланадиган йўналишлар маълум қилингани ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







