Хоразмда блогер 15 суткага қамалди
У Мурувват уйида шовқин кўтариб, беморларни безовта қилган.

Хива шаҳрида туғилган 35 ёшли муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилган Ш.О., 26 июль куни Мурувват уйига бориб муассаса раҳбариятининг “бегона шахсларнинг кириши тақиқланиши” ҳақидаги огоҳлантиришларига қарамасдан бинога кириб, муассасада шовқин-сурон кўтарган. Шунингдек, ўзининг мобил телефонидан фойдаланиб жараённи видеотасвирга олиб, видеотасвирни YouTube'даги саҳифасига жойлаштирган ҳолда васийликка олинувчиларнинг шахсий маълумотларини ошкор этилишига сабабчи бўлган.
Ш.О. чақирув асосида воқеа жойига етиб келган маҳалла профилактика инспектори Б.А.нинг қонуний талабини ҳам бажармаган.
Жиноят ишлари бўйича Боғот туман суди қарорига кўра, у МЖтКнинг 46²-моддаси (шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш), 54-моддаси 2-қисми (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш), 183-моддаси (майда безорилик), 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми ва 200-моддаси (ўзбошимчалик)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилганликда айбли деб топилиб, узил-кесил 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Аввалроқ, 15 суткага қамалган блогер ўз фаолиятини якунлагани ҳамда Муаллифлик ҳуқуқларини бузган Санжай маъмурий жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар берилганди.
Муножат Валиева







