15-21 ноябрь кунлари Ўзбекистонда “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилади
БМТ Бош Ассамблеясининг қарорига мувофиқ, 1997 йилдан буён бутун дунёда ҳар йили 16 ноябрь "Халқаро бағрикенглик куни" сифатида нишонланиб келинади.

Бугун, 16 ноябрда Тошкентда Бағрикенглик ҳафталиги доирасида миллатимизнинг тимсоли, меҳр-шафқат рамзи ҳисобланган Шоахмад Шомахмудовлар оиласи монументи пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Туризм ва спорт вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, мутасаддилари, миллий маданият марказлари ва дўстлик жамиятлари раислари ҳамда фаоллари, спортчилар, пойтахт жамоатчилиги, ёшлар, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Ўзбекистондаги Рус миллий-маданий маркази раиси ўринбосари Татьяна Алимходжаева шундай дейди:
“Мамлакатимизда ҳар бир фуқаро ўз эртанги кунига қайғурмаслиги учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бу борада Президент Шавкат Мирзиёев халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқалари мамлакатларимиз фаровонлиги йўлида тамалтош вазифасини бажаришини бир неча маротаба таъкидлаганининг гувоҳимиз. Бағрикенглик кунини мамлакатимизда истиқомат қилаётган кўпгина миллатлар ўртасидаги ўзаро ҳурматнинг ўзига хос ифодаси сифатида қабул қилишимиз мумкин. Шомахмудовлар оиласи ҳайкали пойига гул қўйиш энг қадрли жиҳатларимизнинг акс эттирувчи муҳим тадбир ҳисобланади”.
Тошкентдаги Халқлар дўстлиги майдонида 15 та миллат фарзандининг бошини силаган Шоахмат Шомахмудовлар оиласи шарафига Халқлар дўстлиги монументи ўрнатилган.Шунингдек, мазкур ҳафталик “Ўзбекистон – бағрикенг замин” шиори остида ташкил этиладиган турли маданий-таърифий тадбирлардан иборат бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Тошкент ёшларни севади” фестивали фаол қатнашган ёшларнинг 10 нафари Францияда ўқиши ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







