Маҳсулот реклама қилинаётганда давлат рамзларидан фойдаланиш тақиқланади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида "Реклама тўғрисида"ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилмоқда.

Ҳужжатда бевосита муаллифлик ҳуқуқига таъсир қилувчи, порнография тусидаги ахборотлардан, давлат рамзларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Реклама тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқишмоқда. Бунга мазкур қонуннинг кўпдан буён кенг жамоатчилик эътиборини тортгани сабаб бўлган.
Таъкидланишича, янги таҳрирда қабул қилиниши кутилаётган “Реклама тўғрисида”ги қонунга бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Шу билан бирга, рекламага оид фаолият субъектларининг бирлашмаларига ваколатлар бериш кўзда тутилган. Бундан кўзланган мақсад, фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтириш ва реклама соҳасида жамоат назорати тизимини самарадорлигини оширишдир.
Маълум бир соҳанинг ўзини-ўзи тартибга солиш тизимини ривожлантириш учун ҳам мазкур ваколатлар фойдали бўлиши мумкин. Бундан ташқари, мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан реклама берувчилар, тайёрловчилар ҳамда тарқатувчиларнинг соҳадаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар, рекламага қўйиладиган асосий талаблар ҳам кўрсатиб ўтилмоқда. Агар ушбу талаблар бузилса, жазо чоралари белгиланиши мумкин.
Рекламага қўйилган талаблар дейилганда — жинсий, ирқий, миллий, диний камситиш, фуқароларнинг соғлиги ва ҳаётига зарар етказувчи ҳаракатларни содир этишга чақириш назарда тутилади.
Қонун лойиҳасига кўра, профессионал таълим соҳасида фойдаланиладиган дарсликлар, кундаликлар ва бошқаларга реклама жойлаштириш тақиқланади.
Миллий маданият ва урф-одатларга, ахлоқ ва маънавиятнинг умумеътироф этилган меъёрларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланиш ҳам тақиқланган ҳатти-ҳаракатлар сирасига киради.
Эслатма! Реклама ва ОАВ соҳасида фаолият юритадиган тадбиркорлар учун ортиқча бюрократик тўсиқлар ҳамда уларнинг фаолиятига ортиқча аралашувларнинг олдини олиш мақсадида айрим нормалар бекор қилинди.
Оламгир Абдиев







