Маъмурий ҳужжатлар оғзаки, белгили, имо-ишора шаклида ҳам қабул қилиниши мумкин
Бу тартиб “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг янги қонун лойиҳасида таъкидлаб ўтилган.

Эслатма. Мазкур қонун лойиҳаси жорий йилнинг 24 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида биринчи ўқишдаёқ маъқулланган.
“Ушбу Қонун маъмурий органлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига нисбатан маъмурий қарор қабул қилишида қонунийликни таъминлашга хизмат қилади”, - дейилади вазирлик ахборотида.
Қонун лойиҳасига бир нечта муҳим ўзгартиришлар киритилган бўлиб, улардан бири маъмурий тартиб-таомилларнинг ягона ҳуқуқий асослари белгиланганлиги, қўлланилиш соҳаси кенгайтирилганлигидир.
Ҳужжатга биноан, кейинги жараёнларда “маъмурий ҳужжат” тушунчаси кенгроқ маънога эга бўлган “маъмурий акт”га ўзгартирилган.
Энг эътиборли жиҳати эса, маъмурий ҳужжатларни нафақат ёзма, балки оғзаки, белгили, имо-ишора шаклида ҳам қабул қилиши мумкинлиги ҳисобланади.
Бундан ташқари, Қонуннинг янги принциплар билан тўлдирилганлиги, маъмурий шикоят тушунчасига аниқ таъриф берилганлиги, маъмурий кўмаклашиш, умумий вакил, далилларни сўраб олиш институтлари киритилганлигини ҳам алоҳида қайд этиш лозим.
Эндиликда киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга асосланиб, процессуал ҳужжатни қабул қилиш тартиби ва механизмлари ишлаб чиқилмоқда. Шу билан бирга, маъмурий иш юритиш иштирокчиларидан маъмурий орган чиқарилиб, маъмурий иш юритишнинг энг кўп муддатлари белгиланмоқда.
Ҳужжатга Дастлабки маъмурий акт тушунчаси ҳам киритилган бўлиб, у маъмурий орган томонидан якуний қарор чиқаришга асос бўлади.
Энг муҳим жиҳатларидан яна бири, тингланиш имкониятининг манфаатдор шахсга маъмурий акт қабул қилинишидан олдин берилишидир.
Эслатма. Маъмурий актни бекор қилиш ва ўзгартириш механизмлари тубдан янгиланиб, такомиллаштирилган.
Шунингдек, ҳужжатлар ҳамда маъмурий ҳаракатлар устидан судгача маъмурий тартибда шикоят бериш механизмлари тартиби янги қонунда кўрсатиб ўтилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда умуммиллий Конституция имтиҳони ўтказилиши ҳамда мажбурий эмлаш тўғрисидаги қонун кучга кирганлиги ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







