Ҳоким ёрдамчиларининг ойлик маошлари белгиланди
Уларнинг иш ҳақи маҳалладаги хонадонлар сонига қараб тўланади.

Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида президент фармони тасдиқланди.
Унга кўра, 2022 йил 1 январдан бошлаб ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардаги ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман ҳокимининг ёрдамчиси лавозими таъсис этилади.
Шунингдек, ҳоким ёрдамчиларининг ойлик иш ҳақи миқдори улар бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда қуйидагича белгиланади:
— Хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6 баравари миқдорида. (4 млн 932 минг сўм);
— Хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6,5 баравари миқдорида. (5 млн 343 минг сўм);
— Хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 7 баравари миқдорида. (5 млн 754 минг сўм).
Қайд этилишича, ҳоким ёрдамчиларига тўланадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдори номзоднинг ушбу лавозимга ишга қабул қилингунга қадар аввалги иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлган тақдирда етишмаган қисми ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан компенсасия қилиб борилади.
Жавоҳирбек Турсунов








