Ҳоким ёрдамчиси бўлиш учун олий маълумот шарт эмас
Мазкур лавозим фаолиятини тартибга солиш учун “Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси” ҳам ташкил этилди.

Хабарингиз бор, 2022 йил 1 январдан ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, ҳар бир маҳаллада туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси лавозими таъсис этилади. Мазкур лавозим ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалаларини ҳал қилиш мақсадида жорий қилинди.
Президент фармонига биноан, ҳокимининг ёрдамчиси бўлишга даъвогарлардан олий маълумотли бўлиш талаб этилмайди. Бироқ маълум бир белгиланган тартиблар белгиланган. Жумладан мазкур лавозимга:
➖ Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, тижорат банклари, иқтисодий ва инвестиция комплексларига кирувчи бошқа идоралар, уларнинг ҳудудий бўлинмаларида бўлим (шўба) бошлиғидан паст бўлмаган лавозимда ишловчи раҳбар ходимлар, шунингдек, маҳаллий ҳокимликларнинг раҳбар ходимлари тайинланади;
➖ номзодлар очиқ танловлар асосида ишга қабул қилинади;
➖ тадбиркорлар, бошқа соҳа вакиллари, фаол ёшлар, раҳбарлик лавозимида фаолият юритмаётган ходимлар ва олий маълумотга эга бўлмаган фуқаролар ҳам ишга қабул қилиниши мумкин.
Шунингдек, Фармон билан қуйидагилар ташкил этилди:
👉 Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари;
Эслатма. Агентлик директори Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади.
👉 туман (шаҳар) ҳокимликлари таркибида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари.
Маълумот учун, ҳужжатга биноан “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишони ҳам таъсис этилди.
Ушбу кўкрак нишони билан ҳоким ёрдамчиси лавозимига тайинланган ҳамда улар фаолиятини самарали ташкил этишга жалб қилинган шахслар тақдирланади.
Аввалроқ маҳаллаларда “ҳоким ёрдамчиси” лавозими ҳамда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари ташкил қилиниши ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







