Ўзбекистон бозорларига қайси хорижий компаниялар кириб келди?
Жорий йил мамлакатимизга кўплаб хориж компаниялари, таниқли брендлар кириб келди.

Улар нафақат маҳсулотларини сотишни, балки шу ерда ўзининг филиалини очишни ҳам мақсад қилишмоқда. Йилнинг якунида Spot.uz мазкур компанияларнинг сонини келтирар экан, бундан ажабланмасдан илож йўқ. Уларнинг айримлари билан танишишингиз мумкин:
Magnum
Қозоғистондаги энг йирик савдо ва чакана савдо тармоғи Magnum 11 декабрь куни Тошкентда ўзининг биринчи гипермаркетини очди. Эндиликда компания йил охиригача битта супермаркет, 2022-йилда эса яна тўртта шохобча очишни режалаштирмоқда.
Эслатма. Magnum гипермаркети Чилонзор туманидаги Integro савдо марказида 7500 квадрат метр майдонда жойлашган. Унда Ўзбекистон ва Қозоғистонда ишлаб чиқарилган, бошқа мамлакатлардан олиб келинган 20 мингдан ортиқ турдаги маҳсулотлар сотилмоқда.
Arla Foods
Бу сут ишлаб чиқарувчиси ташкилот ҳисобланади. Ўзбекистонда компания 30 дан ортиқ маҳсулот, жумладан, моззарелла, ёғли қаймоқ, пишлоқ, сариёғ ва бошқа кўплаб маҳсулотларни тақдим этмоқда.
inDriver
Мазкур компаниянинг кириб келиши мамлакатимиз бозори учун янгилик эмас. Чунки ушбу Россия йўловчи ташиш хизмати бундан олдин ҳам икки марта Ўзбекистонга ўз хизматларини таклиф қилган. (2016-2018 йиллар).
“Бозорга киришга бўлган ўтмишдаги уринишлар муваффақиятсиз бўлди, деб айтмаган бўлардим. Биз бироз сабоқ олдик, Ўзбекистон бозорини батафсил ўргандик. Ҳозир бизнинг фойдаланувчиларимиз учун шаҳар бўйлаб ҳаракатланишнинг мавжуд усулларига муқобил бўлиши учун энг яхши вақт”, деди сервисни ривожлантириш бўйича менежери Араи Бекембаев.
MyCrane
MyCrane Б2Б кранни ижарага олиш платформаси ҳисобланади. У орқали корхона эҳтиёжга мос юк машинаси ёки минора кранига буюртма бериши мумкин.
3М
У турли бозорлар учун инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган Қўшма Штатлардаги энг йирик ишлаб чиқариш корпорацияларидан биридир.
Маълумот учун, 3М'нинг маҳаллий бозорларимизга тақдим этган илк маҳсулотлари шахсий ҳимоя воситалари бўлган. Яъни, фильтрловчи ярим ниқоблар, қўлқоплар, ҳимоя комбинезонлари, кўзойнаклар, дубулғалар, хавфсизлик воситалари, респираторлар.
Renault
Мазкур компаниянинг автомобилларини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ва сотиш ишлари билан Roodell шуғулланади. Renault'нинг мамлакатимизда сотувга чиқарган илк автомаҳсулотлари – “Arkana”, “Kaptur” ва “Duster”.
Эслатма. Компания Ўзбекистонда савдо ва хизмат кўрсатиш тизимини бир нечта босқичда ташкил этишни мақсад қилган. Биринчи босқичда Renault Тошкентда иккита дилерлик марказини очишни кўзлаган.
Chery
Хитойнинг мазкур автомобиль ишлаб чиқарувчи компанияси 2022 йилнинг биринчи ярмидаёқ Ўзбекистон бозорига ўз автомаҳсулотларини олиб киришни режалаштирган. Шунингдек, компания режасида Тошкентда автосалонлар ташкил этиш ҳам бор. Кейинчалик географиясини кенгайтирмоқчи бўлаётган Chery, автомобилларини мамлакатимизнинг яна еттита шаҳрида тақдим этиш ниятида.
ОТP Bank
Венгрия банки ҳисобланадиган ОТP Ипотека банкининг 75% давлат улушини сотиб олишни режалаштирмоқда.
"Альфа-банк"
Россия банки ҳам Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришдан манфаатдор. Банкнинг асосий делегацияси Марказий банкда бўлиб, уларга тижорат банки, микрокредит ва тўлов ташкилотини очиш тартиби тушунтирилган.
Маълумот учун, бунгача Ўзбекистондаги "Альфа-Банк" маҳаллий банклар билан ҳамкорлик қилган. Масалан, 2020 йилда у “Асака” банк учун 100 миллион евро миқдорида синдикатланган кредит ташкилотчиси сифатида ҳамжиҳатликда ишлаган.
Экспобанк
Яна бир Россия банки бўлган Экспобанк ҳам “Пойтахтбанк”ни сотиб олишга даъвогар ҳисобланади.
"Фонбет"
Мазкур букмейкерлик компанияси Тошкентда ўз офисини очмоқчи. Компания бир нечта бўш иш ўринларини таклиф қила бошлаган. 2007 йилдан буён мамлакатда букмейкерлик тақиқланган бўлса-да, компания “оқ маош” ваъда қилмоқда.
Reikartz
Бу Украина меҳмонхоналар тармоғи бўлиб, ҳозирда бешта шаҳарда – Тошкент, Наманган, Бухоро, Самарқанд ва Жиззахда меҳмонхона секторида бизнесни ривожлантириш бўйича менежерлар учун бўш иш ўринларини очган.
Аввалроқ Ўзбекистонда гипермаркет ва супермаркет мақомида иккита дўкон очилгани ҳамда Euronews дунёни Янги Ўзбекистон билан таништириши ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







