Олтиариқ узумлари энди Навоийда ҳам етиштирилади
Фарғонадан Навоий вилоятига Президент совғаси сифатида узум кўчатлари юборилди.

Олтиариқ узумчилик тажрибасини янада оммалаштириш мақсадида Навоий вилоятининг Кармана туманига Президент совғаси сифатида 6 хил навдаги экспортбоп узум кўчатлари жўнатилди.
"10 гектар майдонга қудуқ қазиш учун 120 миллион сўм субсидия ажратиляпти. Бу деҳқон ва фермерларга жуда катта имконият. Ишчи ўрни яратиб, экспорт салоҳиятимиз ортмоқда. Бугун Кармана туманига ҳам 200 гектардан зиёд майдонга экиш учун Ризамат ота, Мерседес, Кетмонсопи, Ҳусайни каби 6 хил навдаги узум кўчатларини юборяпмиз. Ўзимиз ҳам бориб, Олтиариқдаги каби боғларни яратишга ҳиссамизни қўшамиз", – деди Олтиариқ узумчилик кооперацияси раҳбари Исажон Бойматов.
Олтиариқ тумани ўзининг узумлари ва узумчилик мактаби билан юртимизда ҳам, хорижда ҳам машҳур. Вилоятдаги 7 минг 834 гектар узум боғларидан 2 минг 250 гектаридан зиёди айнан Олтиариқ туманида жойлашган. Мамлакатимизда узумчиликни ривожлантиришда ушбу туман намуна сифатида олинган.
Жавоҳирбек Турсунов








