Археологик ёдгорликлар тадбиркорлар учун асраб келинганми?
Археологик ёдгорликларни сақлаш ва муҳофаза қилишда қонунчилик талаблари қўпол равишда бузилгани аниқланди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказилган ўрганиш давомида республикамиздаги айрим археология ёдгорликларига баъзи маҳаллий ҳокимликлар ҳамда юридик шахсларнинг қонунга зид ҳатти-ҳаракатлари оқибатида катта миқдорда зарар етказилаётгани аниқланди.
Хусусан, Тошкент вилояти Паркент тумани “Истиқбол” МФЙдаги “Тепа (Култепа)” археология ёдгорлигига тегишли 2 гектар ер майдони ҳудуди 2018 йил 28 сентябрда Паркент тумани ҳокимлиги томонидан амалдаги қонунчилик талабларига зид равишда аукцион савдолари орқали “У.Қ.Б.” МЧЖга хом ғишт ишлаб чиқариш цехи ташкил этиш учун бериб юборилган.
Маълум бўлишича, мазкур археология ёдгорлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сон қарори билан тасдиқланган Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий Рўйхатига киритилган. Давлат мулки ҳисобланган ушбу объект Тошкент вилояти маданият бошқармасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилган.
Ушбу археология иншоотини “У.Қ.Б.” МЧЖ раҳбарлари 2020 йилда қонунчилик талабларига зид равишда тадбиркор “У.М.П.” МЧЖга сотиб юборган. Ушбу тадбиркорлик субъекти ҳам ўз навбатида, бу объектда хом ғишт ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
Мазкур цех учун хом-ашё, яъни тупроқ маҳсулотини етказиб бериш мажбуриятини “У.Қ.Б” МЧЖ ўз зиммасига олган. Тупроқ эса, ушбу археология иншооти ҳудудидан қазиб олинган. Оқибатда, бу тарихий иншоотга катта миқдорда зарар етказилган.
Ушбу ноқонуний ҳатти-ҳаракатдан хабар топган Тошкент вилояти моддий мерос бошқармаси 2020 йилда етказилган зарарни айбдор шахслардан ундириш, мансабдор шахсларга нисбатан чора кўриш, туман ҳокимининг қарори ва олди-сотди шартномасини бекор қилишни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва мутасадди идораларга мурожаат қилган. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари раҳбарларига огоҳлантириш хатлари ҳам берилган. Шунга қарамасдан, МЧЖ масъуллари ўзларини фаолиятини давом эттириб келган.
Ушбу ҳолат бўйича ўрганиш ишларига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Миллий археология маркази мутахассислари ҳамда ҳудудий давлат ва жамоат ташкилотларининг масъул ходимлари жалб этилди.
Жумладан, 2021 ноябрь ойида мазкур ҳудудда илмий тадқиқот (тупроқ қазиш ва объектни кузатиш) ишлари олиб борилди. Мутахассисларнинг хулосасига кўра, мазкур археология объекти эрамизнинг I-IV асрларига оид бўлиб, кўчманчи чорвадор аждодларимизга тегишли қабристон ёдгорлиги саналиши аниқланди.
Ўрганишлар давомида олинган дастлабки маълумотларга кўра, “У.М.П.” МЧЖ мансабдор шахслари томонидан “Тепа (Култепа)” археология ёдгорлиги ҳудудида хом ғишт ишлаб чиқариш ва қазилма ишлари олиб борилиши натижасида маданий мероснинг объектига 1,5 триллион сўм миқдорида моддий зарар етказилганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан қонуний чора кўрилишини таъминлаш мақсадида Агентлик томонидан тўпланган материаллар Бош прокуратурага юборилган. Натижада, 2021 йил декабр ойида Тошкент вилоят прокуратураси томонидан “У.М.П.” МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 132-моддаси 2-қисми, 205-моддаси 2-қисми “а” банди ва 207-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказиб келинмоқда.
Агентлик томонидан бу йўналишдаги ишлар давом эттирилмоқда.







