Сиёсат

Шавкат Мирзиёев кўчалардаги тирбандлик ва хавфсизлик чораларини айтди

Президент 29 апрель куни Самарқанд шаҳрида транспорт тизимини ривожлантириш бўйича режалар тақдимоти билан танишди.

Шавкат Мирзиёев кўчалардаги тирбандлик ва хавфсизлик чораларини айтди

 

Мамлакатимизнинг Тараққиёт стратегиясида Самарқанд шаҳрини истиқболда “миллионлик шаҳарлар”га айлантириш мақсади белгиланган. Бунинг учун жорий йилда шаҳар ҳудуди 28 минг гектар қилиб кенгайтирилади. Келгуси беш йилда Қорасув мавзеси, Ширин маҳалласи ва вокзал ортидаги ҳудудда 300 минг аҳолига мўлжалланган янги уй-жойлар барпо этилади. Шунингдек, туристлар сони 5 миллион нафарга етиши кутилмоқда. 

Буларнинг барчаси шаҳарнинг транспорт тизими, йўллари ва йўл инфратузилмасини янгидан кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Ҳозирда доимий аҳоли ва туманлардан келувчиларни қўшиб ҳисоблаганда, Самарқанд шаҳрида кунига 925 минг киши ҳаракатланади. Уларнинг катта қисми – 592 минг нафари шахсий автомобилларда юрибди. Жамоат транспортидан бор-йўғи 330 мингдан зиёд аҳоли фойдаланаяпти.

Бунга сабаб жамоат транспорти қатнови қулай ва барқарор эмас. Ташувчилар аҳолининг эҳтиёжидан келиб чиқиб эмас, куннинг “энг даромадли” пайтида ҳаракат қилади. Сўнгги икки йилда 38 та маршрут норентабеллик сабабли тўхтаган, 300 та автобус етишмайди.

Шу боис давлатимиз раҳбари Самарқанд шаҳрида жамоат транспорти тизимини ривожлантириш бўйича топшириқ берган эди. Тақдимотда хорижий экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган таклифлар муҳокама қилинди.
Унга кўра, жамоат транспорти тармоғи магистрал, етказиб берувчи ва ички йўналишларга ажратилади. Ҳозиргига қўшимча 40 та янги йўналиш, хусусан, аэропорт, вокзал ва тарихий марказларни боғлайдиган 5 та экспресс йўналиш ташкил этилади. Автобуслар катта сиғимлисига алмаштирилиб, марказий кўчаларда уларнинг ҳаракати учун алоҳида йўлак ажратилади. 2022 йилда 80 та, 2023 йилда 100 та электробус олиб келинади. Бекатлар сони кўпайтирилади. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги таркибида Транспорт бўлими ташкил этилади. 1 июлдан бошлаб, Самарқанд вилояти бюджетидан шаҳар транспортига субсидия ажратиш йўлга қўйилади.

Давлатимиз раҳбари бу ишларда илғор технологияларни қўллаш, йўл ҳаракатини бошқаришни рақамлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

«Ҳаёт тезлашди, одамларнинг фаоллиги ошди. Лекин жамоат транспорти аввалгидай турибди. Йўлни кенгайтириш билан тирбандлик муаммосини ҳал этиб бўлмайди. Жамоат транспортига устунлик бериш керак. Дунё тажрибасига қаранглар. “Ақлли светофор”лар ўрнатиб, йўл ҳаракатини онлайн бошқариб, кўчаларнинг ўтказувчанлигини ошириш зарур. Келгусида ҳамма шаҳарларимизда шундай қиламиз. Самарқанд бунда андоза бўлиши керак», – деди Президент.

Шу боис, лойиҳани мукаммал қилиш, йўналишларни тўғри ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди. Лойиҳани жамоат транспорти ҳолати энг оғир бўлган кўчалардан бошлаб, босқичма-босқич амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

«Одамлар бу ишларни қулайлигидан сезиши керак. Жамоат транспортида юриш арзон, сифатли ва тез бўлса, йўловчилар шуни танлайди. Бунинг учун инфратузилмани, йўналишларни тўғри ташкил қилиш керак», – деди давлатимиз раҳбари.

Пастдарғом ва Булунғур туманларини Самарқанд шаҳри билан боғлайдиган электропоезд қатновини йўлга қўйиш таклифи билдирилди.
Йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш режалари бўйича ҳам ахборот берилди. Бу йил Самарқанд шаҳрида 160 километр йўл таъмирланади, 5 та йўл ўтказгич қурилиши бошланади. 102 та янги бекат ташкил қилиниб, мавжудлари тартибга келтирилади.

Давлатимиз раҳбари йўллар қуриш ва таъмирлаш билан бирга уларни сифатли сақлаш ҳам зарурлигини тааъкидлади. 

«Биз кўп йўл қурдик, лекин унинг эксплуатацияси билан айтарли шуғулланилмади. Йўлларнинг баланси, фойдаланиш муддатининг таҳлили йўқ. Сарфланаётган маблағ мақсадли эмас. Баъзан йўл устига яна йўл қурилади. Шунинг учун қаерга йўл қуриш, қайсини таъмирлашни Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати айтиши керак. Чунки кўчалардаги тирбандлик, хавфсизлик шунга боғлиқ», – деди Шавкат Мирзиёев.


Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 4 апрелдаги “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликларининг махсус эксплуатация-монтаж бўлинмалари ҳудудий ички ишлар органларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари ҳузурига ўтказилди.

Тақдимотда Самарқанд вилояти махсус эксплуатация-монтаж бўлинмаси томонидан амалга ошириладиган ишлар ҳам кўриб чиқилди. Самарқанд шаҳридаги 49 та чорраҳада “транспорт оқимини рақамли бошқариш” тизими жорий этилиши, 140 та чорраҳага замонавий светофорлар ўрнатилиши, марказий кўчалар замонавий йўл белгилари билан жиҳозланиши қайд этилди. Натижада светофорда туриш вақти 31 фоизга, ҳаракат вақти 36 фоизга, ҳаракат тезлиги 17 фоизга яхшиланади.

Йўл қурувчи ташкилотлар ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларини ўқитиш, малакаси ва дунёқарашини ошириш, танлов асосида ишга олиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

custom img

Халқаро ишонч: Ўзбекистон БМТ конгрессига мезбонлик қилади

Саида Мирзиёева Абу-Дабида ўтказилган Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича 15-конгрессида иштирок этди.

custom img

Саида Мирзиёева Абу-Дабида БАА Президенти билан учрашди

Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва сунъий интеллект соҳасидаги истиқболларни муҳокама қилди.

custom img

Қозоғистондаги ҳарбийлар ҳалокати: Мирзиёев Тоқаевга ҳамдардлик йўллади

Ўзбекистон Президенти Каспий денгизидаги машғулотларда ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оила аъзолари ва яқинларига сабр-тоқат тилади.

custom img

С5+1 учрашуви Самарқандда: Марко Рубио Ўзбекистонга келади

АҚШ Давлат котиби 100 дан ортиқ Америка компанияси вакилларидан иборат делегацияга бошчилик қилади.

custom img

Шавкат Мирзиёев Хитой делегациясини қабул қилди

Томонлар ўртасида инфратузилма, инвестиция ва “яшил” саноат йўналишларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

custom img

Шавкат Мирзиёев Кобахидзени таваллуд куни билан табриклади

Ўзбекистон ва Грузия Поти ва Анаклия портлари инфратузилмасидан самарали фойдаланиш орқали транспорт алоқаларини ривожлантиришни муҳокама қилди.

custom img

Саида Мирзиёева ЖСТ бош директори билан учрашди

Учрашувда Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиш жараёни ва олдинда турган якуний вазифаларни муҳокама қилди.

custom img

Саида Мирзиёева “BlackRock” раҳбарияти билан учрашди

Учрашувда 2027 йилда Тошкент халқаро молия маркази фаолиятини йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилди.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"