Тўйида ўйин ўйнаган “ёш болалар” ёхуд келинга ютқазган куёв уни таҳқирлади
Ижтимоий тармоқда куёв тўй куни келинни ургани акс этган видео кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тўй куни саҳнада келин-куёв ўйин ўйнаб, мусобақалашгани, натижада йигит ютқазиб, аламидан қизни ургани тасвирланган видео тарқалди. Бу кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Кимдир куёвнинг “мард”лигини мақтаган бўлса, яна кимлардир келиннинг омма олдида таҳқирланганини салбий баҳолади. Блогер Ақида Хоним Фейсбукдаги саҳифасида ёзишича, куёв асли сурхондарёлик бўлиб, Сергелидаги машина бозорида аравакаш бўлиб ишлайди. Табиатан сипо, камгап йигит тўйини ўтказиш учун Сурхондарёга борган.
Мағлубиятни кўтара олмаган куёв
Бугун эрта турмуш, унинг салбий оқибатлари ҳақида қанчалар бонг урмайлик, орамизда бунга кўз юмаётганлар ҳам, афсуски, топилади. Кўп гувоҳ бўламиз: унаштирилган йигит ва қизнинг ўй-хаёллари, ўзаро муносабатларидан тортиб, тўй кунидаги торт едириш маросимию, бир-бирига туҳфа этаётган совғалари ва ўзларини тутиши гўё ёш болалардек. Шу боис ҳам жамиятимизда илмсиз оналар, масъулиятсиз оталар ҳамон учрамоқда. Бу каби тақдирларнинг қандай якун топиши барчага аён.
Не-не орзу-умидлар билан оқ либос кийиб, маликалардек бўлажак турмуш ўртоғи билан бахт кунини нишонлаётган келинчак омма олдида таҳқирланса, буни қандай изоҳлаш мумкин? Келинчакни энди одамлар “тўйида калтак еган келин” дея эслашадими? Ачинарлиси, ён-атрофда ҳамма қўл қовуштириб, томошабин бўлганидир. Қизиғи, мазкур ҳолат юзасидан ҳеч қандай муносабат билдирилмади. Аслида, бахт остонасида турган қизнинг тўйи куни бўлажак турмуш ўртоғи томонидан калтакланиши жамият учун оғриқли. Биргина тарсаки унинг руҳиятига қанчалар зарба бўлганини тасаввур этиш қийин. Аёллар улуғланган, “гендер тенглиги” дея бонг урилаётган даврда келинни ҳимоя қилишга, куёвнинг танобини тортиб қўйишга бир мард топилмаса?! Қоғозда қолаётган қонунлар, поймол бўлган туйғуларнинг бадалини энди ким тўлайди?!
Ўзи тўй куни икки ёшнинг омма олдида қандайдир ўйин ўйнаши қаердан пайдо бўлди? Ғарбдан кириб келган менталитетнинг оғир оқибати шу эмасми, аслида? Келинга ютқазган куёв уни уриб, нимани исботламоқчи бўлди? Куёв бу билан маҳалла-кўй, ошна-оғайнилари олдида “кўриб қўйинглар, мен хотинимдан устунман” дегандек қилдими? Ёки бошқа мақсади бўлганми? Минг афсуски, у “чучварани хом санаган”. Оилани мушт, аччиқ-тирсиқ, ўзимникини ўтказаман, қабилида эмас, вазминлик, ҳилмлилик ва маърифат ила бошқариш керак.
“Қизга романтик болалар ёқаркан”
Мақола ёзиш асносида ҳамкасбим шунга ўхшаш бир воқеани сўзлаб берди.
“Тоғам катта фарзандини унаштирди. Бўлажак келин тарбияли, диний билимга ҳам эга экан, деб хўп қувонишди. Биз ҳам сулоламизга тарбияли келин келаётганидан хурсанд бўлдик. Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, уларнинг фотиҳаси бузилганини эшитдик. Бир кун ишдан қайтаётсам, келинойим (тоғамнинг хотини) маҳзун бўлиб телефон қилиб қолди. Тўйни нима учун бўлмаслигини сўраганимда қизга романтик болалар ёқишини, жиянимиз ҳар куни кечқурун қизга гулдасталар олиб бормаётгани ва учрашувга таклиф қилмаётганини баҳона қилиб, қиз тўйни қайтарибди.
Жуда таажжубландим. Унаштирилган бўлгани билан ҳали никоҳи ўқилмаган йигит ва қиз бир-бирига номаҳрамку! Қандай қилиб, улар тунда учрашиши мумкин? Аслида, мана шу бизга арзимагандек туйилган тўйдан аввалги “романтик кечалар” ҳам сериаллардан ҳаётга кўчди. Қизларга кинолардагидек романтик болалар, йигитларга эса отаси бой қизлар ёқадиган бўлиб қолди. Мард йигитлар, оилапарвар қизлар камайиб кетаётгандек, назаримда”, — дейди у.
Ўзбекона тўйларимизни безаган шарму ҳаё, миллий қадриятлар тобора йўқолиб бораётган бир пайтда тўйларда ошкора урфга кирган “love story”, “торт едириш”, “вальс тушиш” каби маросимларнинг ўтказилишини аксарият одамлар орзиқиб кутишмоқда. Никоҳ базмида ўйин ўйнаган “болалар”нинг ҳам ҳаракатлари аслида оммавий маданиятнинг ана шундай қуйқаларидир. Улғайса-да, қўлидан “қўғирчоғи”ю “машинаси”ни қўймайдиган ёшлар бешик тебратиб, ҳар томонлама соғлом келажак авлодни камолотга етказиши шубҳали.







