Самарқандни куйлаган нобелчи шоир
Тан оламан, бундай ёзувчини илгари эшитмаган эканман.

...Одатда машҳур “юлдузлар” ортидан югуриб юриш, улар билан суратга тушиш, дастхат олиш кўпчиликнинг севимли машғулоти саналади. Гарчи мен бу “машғулот”га қаттиқ қизиқмасам-да, устоз адибларимиз, ёзувчи ва шоирлар билан эсдалик учун расмга тушиб тураман.
Тўғри, куни кечиб, пайдо бўлган, “юлдузлик” касалига берилиб, мухлислари билан расм тушиш учун 3 сония вақтини аяйдиган “юлдузларимиз” ҳақида кўп эшитганман. Аммо ёзувчи ва шоирлар орасида бундай “ юлдузлар” деярли учрамайди.
2016 йилда Бокуда бўлиб ўтган Халқаро гуманитар форумда бир гуруҳ ҳамкасблар билан иштирок этиб қайтгандик. Мазкур форумга турли йўналишда Нобель мукофотини олган ўндан ортиқ мутахассислар таклиф этилганди.
Улар орасида Адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори, нигериялик адиб Воле Шойинка ҳам бор экан. Тан оламан, бундай ёзувчини илгари эшитмаган эканман. Дарҳол ёзувчининг исмини “гугл”га бердим. Қарангки, википедия порталида ҳам озгина маълумот берилган экан.
Лекин мени энг ҳайратга солгани адибнинг шеърий тўпламларидан бири “Samarkand and other markets i have known” (Самарқанд ва мен билган бошқа бозорлар) деб номлангани бўлди. Адибнинг ушбу жаҳоншумул мукофотни олишига мазкур тўплам катта ўрин тутган.
88 ёшли ёшли бу адиб 1986 йилда “йирик маданий истиқболларга эга театр ва шеърият яратгани учун” Нобель мукофотини қўлга киритган.
Унинг биргина шеърини интернетдан топиб, тилимизга ўгиришга ҳаракат қилдим.
Сен дафн этилган йиғининг шамолини эшитяпсанми?
Дарс бошланмоқда, менга сабоқ бер,
Ажиб безовталик ичра эриб кетишдан.
Қайғу заминни қучар, шом қоронғисидек...
Хуллас, тадбир сўнгида адиб билан суратга тушиш мақсадида ортида югурдим. Аммо ҳар қанча уринмай, уни “тутиш” жуда қийин кечди. Менга ўхшаб у билан суратга тушмоқчи бўлганлар кўп эди. Бироқ у “мени кечирасизлар, мен одатда ҳеч кимга интервью ҳам, дастхат ҳам бермайман, суратга ҳам тушмайман” деб узр сўраб, биздан узоқлашди. Ҳар қалай унинг бу ҳолатини тушундим. Ахир, у шунчаки ижодкор эмас, кимсан, “Нобель” мукофоти совриндори! "Ноз қилса" арзийди!
Эртаси куни кечки пайт Ўзбекистондан борган бир гуруҳ иштирокчилар дастурхон бошида суҳбатлашарканмиз, беихтиёр ҳалиги машҳур адиб ёнимиздан ўтиб қолди. Табиийки, унинг “инжиқлиги”да ҳамюртларимга “шикоят” қилган бўлдим.
Шунда даврамизда ўтирган тарихчи ва публицист акамиз Шуҳрат Саломов “юринг, шу “акангиз”ни ўзим кўндириб бераман” дея мени эргаштириб кетди.
Шойинка бу пайтда япониялик бир олим билан қизғин баҳсга киришганди. Шуҳрат ака ёзувчининг ёнига бориб, худди эски танишларидек қучоқлашиб кўришди. Бу орада мен ҳам “Сиз бизнинг юртимиз – Самарқанд ҳақида китоб ёзган экансиз, сизга алоҳида раҳмат айтмоқчимиз” деб “хушомад” қилиб қўйдим.
— О, Самарқанд! Мен бу гўзал шаҳарни жуда яхши кўраман. Бориш ниятим бор, - деди.
— Энди эсдалик учун бир суратга тушсак, нима дейсиз? — сўради Шуҳрат ака.
— Ўзи, одатда, мен ҳеч ким билан суратга тушмасдим. Лекин Самарқанднинг ҳурмати учун шу анъанани бузганим бўлсин, — деди.
Хуллас, мана ўша – катта машаққат эвазига қўлга киритилган сурат: чапдан ўнгга томон санаб борсангиз, kun.uz сайтининг бош муҳаррири Мақсуд Асқаров, камина, жаноб Шойинка ва шу суратни “ундириб” берган Шуҳрат ака.
Рустам Иқбол







