Ўзбекистонда аномал иссиқ бошландими?
Энг юқори ҳарорат июнь ойида кузатилади

«Ўзгидромет» шу кунларда Ўзбекистон ҳудуди бўйича қуруқ ва иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилаётганини маълум қилди. Қайд этилишича, 5-6 июнь кунлари республиканинг шимолий ҳудудларида, 6-8 июнда эса жануб ва чўл ҳудудларида ҳарорат 41-42 даражагача исиши кутилмоқда. Маълумот учун, бундай ҳарорат июнь ойининг биринчи ўн кунлиги меъёрий кўрсаткичларидан 4-6 даражага юқоридир.
Эслатиб ўтамиз, ушбу даврда бундан ҳам юқори ҳарорат қийматлари кузатилган. Жумладан, 2021 йил июнь ойининг биринчи ўн кунлигида республика марказий ҳудудлари бўйича ҳаво ҳарорати 41-43 даражагача, шимол, жануб ва чўл ҳудудларда эса 44-46 даражагача кўтарилган.
– Бу ёз давомида энг юқори ҳарорат неча градусгача кўтарилиши мумкин? Ҳаво ҳароратининг бу даражада кўтарилишига асосий сабаб нима?
Эркин Абдулаҳатов, «Ўзгидромет» етакчи мутахассиси:
«Кам ёғингарчилик қурғоқчилик хавфини кучайтириб юборди»
– Ўзбекистон ҳудудининг жануб қисмларида ҳаво ҳарорати 40 даражагача кўтарилиши аввалдан кузатилиб келинган. Сўнгги йилларда ушбу ҳарорат республикамизнинг барча ҳудудида кузатилишни бошлади. Бу йил ҳаттоки апрель ойида Хоразм вилоятида тарихда бўлмаган ҳарорат кузатилиб, 41 даража қайд этилди.
Иқлим ўзгариши бутун дунёда глобал исиш муаммоси билан бирга тезлашмоқда. Бунга мисол қилиб май ва сентябрь ойларида ҳам ёзги ҳароратнинг кузатилаётганини айтишимиз мумкин. Баҳор фаслидаги ёғингарчиликларнинг кам бўлиши бизнинг минтақада қурғоқчилик хавфини кучайтириб юборди. Бу қурғоқчилик сабабли тупроқда намликнинг етишмаслиги оқибатида иссиқликни юқорироқ ҳис қилишимизга олиб келмоқда. Айни кунларда, яъни 5-июндан 8-июнга қадар республиканинг жуда катта ҳудудларида ҳарорат 41-42 даражагача кузатилишини маълум қилдик.
Кечқурунлари ҳам ҳарорат кўтарилиши оқибатида намлик юқорилаб, шамолсиз ҳолатларни келтириб чиқаради. Бу аҳолимиз орасида “дим” деган тушунча билан тушунтирилади.
Бу йил ёз қандай келади деган саволга албатта жавоб бор. Июль ва август ойларидаги ҳароратни сўнгги технлогиялар ёрдамида аниқлашга ҳаракат қилдик. Натижада мазкур ойлар биз белгилаган меъёрдан бир, икки даражада юқори бўлишини прогноз қилдик. «Ўзгидромет»нинг сноптиклари июнь ойини уч даража, июль ва август ойларини белгиланган меъёрдан бир, икки даража юқори бўлишини аниқлади. Бу рақамларда июнь ойи нисбатан иссиқроқ бўлиши маълум бўлмоқда. Ёз давомида юртимизнинг чўл ва жанубий қисмларида 50 даражадан юқори ҳарорат рўйхатга олинган. Ўтган йили мамлакатимизнинг йигирмага яқин ҳароратни аниқлаш марказларида тарихдаги энг юқори ҳароратлар қайд этилди. Йилдан-йилга бу кўрсаткич ўсиб бораётганини ҳисобга олсак, ҳали рекорд даражадаги иссиқ ҳаво кузатилиши мумкин.
– Иссиқдан ҳимояланишда нималарга эътибор қаратиш лозим?
Мурод Содиқов, ФВВ Матбуот хизмати раҳбари:
«Иссиқ кунда камҳаракатлилик турли касалликларга олиб келади»
– Кўпроқ сув ичиш талаб этилади. Тўғри сув ичиш тартиби организм фаолиятининг яхши ишлаши ва сув-туз балансини меъёрлаштиришига имкон туғдиради. Иссиқ кунда сув истеъмол ҳажмини кўпайтириш керак. Бунда организмнинг сув танқислигини тўлдириш учун газланган ёки нектар сув эмас, аксинча оддий ичимлик сувини истеъмол қилиш лозим. Сурункали касаллиги мавжуд бўлса, шифокор тавсиясига риоя қилиш лозим.
Энг иссиқ пайт – соат 12:00 дан 16:00 гача кўчага чиқмаслик, айниқса, қуёш тагида юрмасликка ҳаракат қилинг. Кунингизни шундай режалаштирингки, бу вақтда ёки ишда, ёки уйда – пана жойда бўлинг. Кўпроқ душ қабул қилинг. Мунтазам равишда тозаланиш баданга эффектив нафас олишга ёрдам беради. Сув хона ҳароратида бўлиши керак. Муздак сув билан ювиниш эса, тана ҳарорати кескин ўзгариши натижасида пневмония касаллигига олиб келади. Албатта очиқ сув хавзаларда чўмилиш мумкин, аммо чўмилиш тақиқланган ҳудудларга эътиборли бўлиш керак.
Эрталаб ва кечқурун кўпроқ ҳаракат қилинг. Жазирама кунларда камҳаракатлилик гипертония, юрак-томир касалликлари ва тромбоз ривожланишига олиб келади. Озиқланиш рационини ўзгартиринг. Иссиқ кунда кўпроқ совуқ таомлар истеъмол қилинг. Ёғлиқ сут ва гўшт маҳсулотлари истеъмол қилманг, аммо балиқ ва сабзавотлардан воз кечманг. Сутли маҳсулотлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш лозимки, расталарда қуёш нури тушиб турган ҳамда истеъмолга яроқлилик муддати ўтиб кетган маҳсулотларни сотиб олишда жуда эътиборли бўлиш керак. Албатта таомларни туз билан тановул қилинг, чунки юқори ҳароратда, тананинг терлаши натижасида кўп миқдорда натрий моддаси йўқотилади. Синтетик матодан тайёрланган кийимлар киймасликга ҳаракат қилинг. Кепка, шляпа ёки панамалар кийишдан уялманг. Чунки офтоб уриши асосан бош қизиганда содир бўлади.
Ўзбекистонда аномал иссиқлик ҳақидаги хабарлар 17 май кунидан бошланди. «Ўзгидромет» ҳавонинг исиб кетиши сабаб 17-20 май кунлари республиканинг тоғ ва тоғли ҳудудларида маҳаллий ёмғир туфайли сел хавфи мавжудлиги ҳақда огоҳлантирган.
Июнь ойининг биринчи ҳафтасиданоқ ҳаво ҳарорати 44-46°C га қадар кўтирилди. «Сўнгги пайтларда мамлакатимиз ҳудудида 7-10°да ёзнинг бошланиши учун нормал қийматлардан юқори бўлган ғайритабиий иссиқ ҳаво бор. Бу Эрон ҳудудларидан қуруқ ва иссиқ ҳаво билан боғлиқ», – дея хабар беради Ўзгидромет.
Баъзи манбаларага кўра, Ўзбекистонда июнь ойининг бу даражада иссиқ бўлиши сўнгги 88 йилда сира кузатилмаган. 19-22 июнь кунлари эса 40°С га қадар иссиқ бўлиши кутиляпти.
Жамшид АМИРОВ суҳбатлашди







