Жанубий Корея собиқ биринчи хонимига ҳукм ўқиган судья ўлик ҳолда топилди
У мамлакат собиқ биринчи хонимининг қамоқ жазосини 4 йилга узайтирганди.

Жанубий Корея пойтахти Сеулда мамлакат собиқ биринчи хонимининг коррупция ишига оид апелляция судига раислик қилган судья Шин Чон О ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, судьянинг жасади Сеул Олий суди яқинидаги гулзор ҳудудидан тунги соатларда аниқланган. Унинг ёнидан қўлда ёзилган хайрлашув мактуби топилган бўлиб, унда узр сўзлари келтирилган, бироқ кўрилган иш ҳақида эслатма бўлмаган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳодисада зўравонлик аломатларини аниқламаган. Асосий тахминлардан бири сифатида баландликдан қулаш версияси кўриб чиқилмоқда.
Судья Шин Чон О Жанубий Кореянинг собиқ биринчи хоними Ким Гон Хи устидан очилган коррупция ишининг апелляция босқичида раислик қилган. Гон Хи акциялар нархини манипуляция қилиш ҳамда қимматбаҳо совғалар олишда айбланган. 2026 йил январида биринчи инстанция суди Ким Гон Хини 1 йил-у 8 ойга озодликдан маҳрум этган, апрель ойида эса апелляция судида Чон О жазони 4 йилга узайтиришга ҳукм чиқарган.
Суд тизими вакилларининг билдиришича, судья ҳукм эълон қилинишидан олдин суд мажлисларининг жонли эфирда намойиш этилиши сабабли кучли босим ва стрессни бошдан кечирган.
Ким Гон Хи 2025 йил август ойида ҳибсга олинган. У, жумладан, қиймати 2200 доллар бўлган Dior сумкасини совға сифатида олганликда ҳам айбланган. Расмийлар ушбу совға олинганини тасдиқлаган, бироқ у давлат мулки сифатида расмийлаштирилганини билдирган.
Бундан ташқари, у Deutsch Motors компаниясининг собиқ раҳбари билан тил бириктириб, акциялар нархини сунъий ошириш орқали ноқонуний даромад олишда ҳам гумон қилинган.
Собиқ президент Юн Сок Ёл эса 2024 йил декабрида мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этгани ортидан ҳибсга олинган. 2026 йил февраль ойида у қатор айбловлар, жумладан исён учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.







