Жиноят

Саҳро лочинини 2 млн сўмга сотмоқчи бўлган йигит ярим млрддан ортиқ жаримага тушди

Наманганлик йигит ушбу қушни 2 ой давомида парваришлаган. Кейин уни пул зарурлиги учун сотмоқчи бўлганда ушланган. Лочин Фарғона ҳайвонот боғига топширилганидан 7 ой ўтиб қафасга кўниколмай нобуд бўлган. “Ходимлар қушни қандай парваришлашни билмаган ва нобуд қилишган”- деган йигит судда.  Қайд этилишича, жаримага тортилган шахс доимий иш жойига эга эмас.

Саҳро лочинини 2 млн сўмга сотмоқчи бўлган йигит ярим млрддан ортиқ жаримага тушди

Фарғонада Қизил китобга киритилган лочин(шахин)ни уйида сақлаган шахсга жарима жазоси тайинланди. Zamon.uz суд ҳужжати билан танишди.

 

Фото: Экология қўмитаси

Фото: Экология қўмитаси

 

Суд ҳукмида келтирилишича, 2003 йилда, Наманган шаҳрида туғилган И.И. 2025 йил январидан март ойининг бошига қадар саҳро лочинини табиатдан ажратиб сақлаб келган. Унинг айтишича, қуш бирон жойдан тутиб олинмаган.

 

“2025 йил январ ойида, соат 19:00 лар атрофида яшаш хонадонимда ўтирган эдим, кейин номаълум қуш деворга урилган овозини эшитиб ташқарига чиқдим. Қуш қўшнимизнинг томида турган экан. Сўнг қўлларимни кўтариб уни ҳайдаганимда учолмасдан ерга қулаб тушди. Уйга олиб кириб расмга олиб, у қандай қуш эканлигини Google орқали аниқладим”- деган судланувчи.

 

Шундан кейин И.И. Интернет ёрдамида “Шахин” деб номланадиган лочинни озиқлантиршни бошлаган. Уни 2 ой боқиб 2 млн 500 минг сўмга сотишга қарор қилган. Харидор Фарғона вилоятининг Ёзёвонидан топилган. Йигит қушни шу  туманга олиб борган.  Ўзини ҳайдовчи деб таништирган шахс дастлаб, 1 млн 500 минг сўм берган. Қолганини машинасидан олаётганда экология ва ички ишлар ходимлари воқеа жойида пайдо бўлишган.

 

“Улар мен сотган қуш саҳро лочини эканлиги, Қизил китобга киритилгани, уни ушлаб туриш ёки сотиш мумкин эмаслигини тушунтирди. Сўнг далолатнома расмийлаштирди. Уларга шикоятим йўқ, лекин мен лочинни сотиш жиноят эканлигини билмагандим, бундан пушаймонман”- деган у кўрсатмасида.


Қолаверса, у доимий равишда қушлар олди-бердиси билан шуғулланмаслигини айтди.

 

“Лочин ҳайвонот боғида нобуд бўлганини судда билдим, ўзи у қушни касал ҳолатидан даволаганман, ҳайвонот боғи ходимлари қушни қандай парваришлашни билмаган ва нобуд қилишган. Бундан норозиман. Қонунни билмай жиноят қилдим, ёшлигимни инобатга олиб енгиллик беришингизни сўрайман”- деган у.

 

Судда Фарғона вилояти экологик назорат инспекцияси бошлиғи У.У. фуқаровий даъвогар сифатида сўроқ қилинди. У табиатда камёб лочинга шартли харидор бўлганини айтиб, судланувчидан етказилган зарарни тўлиқ ундиришни сўради.

 

“Саҳро лочини ёши, катталиги, оғирлиги ва жинсидан қатъи назар, ҳар бир ҳайвон (калласи, териси, шохи ва бошқалар) учун ундириш миқдори Ўзбекистон фуқароларига базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан коеффисиенти 1500 баробар ҳисобланиши кўрсатилган. Шунга кўра, жиноят содир этилган пайтдаги  базавий ҳисоблаш миқдори  375 000 сўм бўлганини инобатга олиб, (1500*375000)562 млн 500 минг сўмлик зарарни Экология вазирлиги(ҳозирда қўмита) ҳисобига ундиришингизни сўрайман” - деган у кўрсатмасида.

 

Маҳкамада гувоҳ, Фарғона ҳайвонот боғи ветеринари О.С. кўрсатма берди. Унинг сўзларига кўра, лочин 2025 йил 28 феврал куни оғир аҳволда, яъни озуқа ва сув берилмаган ҳолда етказилган.  Шундан сўнг 14 кунлик карантинга олинган. Шу вақт давомида қушнинг ҳолати яхшиланган, бироқ ўзи ов қиладиган даражага етмаган. Кейин у боғнинг балиқчи ва йиртқич қушлар бўлимида сақланган. Қафасга кўниколмаган лочин 22 август куни нобуд бўлган.

 

Гувоҳнинг қайд этишича, ушбу лочин Ўзбекистон Қизил китобига заиф, табиатан камёб, ярим ўтроқ кенжа тур сифатида киритилган.

 

2026 йил 7 апрел куни ЖИБ Ёзёвон туман суди И.И.ни Жиноят кодексининг 202-моддаси 3-қисми “e” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди ва унга шу модда билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари миқдорида(150 млн сўм) жарима жазоси тайинлади.



Шунингдек, судланувчининг эҳтиёт чораси тариқасида қамоқда сақланган 1 ой 7 куни Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан 6 млн 937 минг 500 сўмга тенглаштирилиб, тайинланган жазодан шунчаси чегирилди. Қолгани давлат даромадига ундириладиган бўлди.

 

Бундан ташқари, суд иш бўйича етказилган 562 млн 500 минг сўмлик зарарни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳисобига ундиришни белгилаб, судланувчини қамоқдан озод қилди.  

Муаллиф: Шаҳзод Ўроқбоев

 

 

custom img

Хайрия пуллари тотализаторга тикилди: Фарғонада ёш йигит ушланди

Йигит ижтимоий тармоқларда ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг маблағларини ўзлаштириш учун фирибгарлик схемасидан фойдаланган.

custom img

Бухорода зарарли APK файллар тарқатган гуруҳ ушланди: 60 дан ортиқ фуқаро жабр кўрган

Гумонланувчилар Telegram орқали зарарли APK файлларни юбориб, қурилмалардаги банк маълумотлари ва SMS-кодларни қўлга киритган.

custom img

ЙПХ ходимини обрўсизлантирувчи видео тарқатилди: фуқаро 10 суткага қамалди

Судда фуқаро қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, айбига иқрор бўлди ва бундай ҳолатни бошқа такрорламаслигини айтди.

custom img

Хорижга чиқиш тақиқини ечиб бериш ваъдаси: банк бош мутахассиси пора олаётганда ушланди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

custom img

Анталия ваъдаси ортидаги жиноят: икки қиз хорижга олиб кетилаётганда тўхтатилди

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

custom img

Ноқонуний “Умра” хизмати: икки ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Самарқанд ва Сирдарёдаги ҳолатларда фуқаролардан “Умра” зиёратини ташкил этиш эвазига жами 4300 АҚШ доллари талаб қилинган.

custom img

Ноқонуний криптовалюта айланмаси: 683 минг долларлик операциялар аниқланди

Фуқаронинг лицензия олмасдан крипто-активларни ўтказиш билан шуғуллангани аниқланган.

custom img

“Фоизсиз кредит” тузоғи: 400 дан ортиқ киши алданди

Тошкент вилоятида фуқароларга фоизсиз кредит олиб беришни ваъда қилиб, уларнинг пулини ўзлаштирган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"