Тошкентда шахсий фото ва видеоларни тарқатиш билан таҳдид қилган шахс қўлга олинди
У аввалроқ жабрланувчидан 450 долларгача пул олган.

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида шахсий фото ва видеоларни тарқатиш билан таҳдид қилиб, пул талаб қилиб келган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда пойтахт ИИБ хабар берди.
Маълум қилинишича, фуқаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб, аввалдан таниш бўлган шахс узоқ вақт давомида уни таҳдид ва босим остида ушлаб келаётганини билдирган.
Гумонланувчи жабрланувчининг сир сақланиши лозим бўлган шахсий фото ва видеоларини ижтимоий тармоқларда тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, мунтазам равишда пул талаб қилган.
Қайд этилишича, у аввалроқ жабрланувчидан 100 доллардан 450 долларгача бўлган маблағларни олиб келган. Шунга қарамасдан, яна пул талаб қилишни давом эттирган.
Тезкор тадбир давомида гумонланувчи Олмазор туманидаги “Нукус” кинотеатри олдида фуқародан 500 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, ушланган шахс муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси билан судланган бўлган.
Ҳолат юзасидан Олмазор тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддасининг иккинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.








