Наманганда қарз можароси сабаб 21 ёшли йигит “самосуд” қилинди
Йигитни уриб-дўппослаганларга нисбатан жиноят иши очилди.

Наманган шаҳрида қарз масаласи юзасидан келиб чиққан можаро оқибатида 21 ёшли йигит бир гуруҳ шахслар томонидан калтакланди. Бу ҳақда Наманган ИИБ хабар берди.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, воқеа 31 май куни Наманган шаҳрининг “Даштбоғ” маҳалласи ҳудудида содир бўлган.
Аниқланишича, Янги Наманган туманида яшовчи 1990 йилда туғилган Н.Х., 2000 йилда туғилган Н.А., 2000-йилда туғилган О.А. ҳамда 2007 йилда туғилган А.А. Наманган шаҳрида яшовчи 2005 йилда туғилган И.А. билан қарз масаласида тортишиб қолган.
Можаро давомида ушбу шахслар И.А.ни бир гуруҳ бўлиб уриб-дўппослаган. Натижада жабрланувчига енгил тан жароҳати етган.
Терговга қадар текширув давомида ҳодисанинг барча иштирокчилари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Н.Х., Н.А., О.А. ва А.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б” банди (бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда жиноят иши доирасида дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








